“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида “М.Н.П.С.” МЧЖга қарашли АЁҚШда сотилаётган АИ-95 маркали автобензиндан намуналар олиниб, лабораторияда таҳлил қилинганда давлат стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли Қонунининг 43-моддасига асосан реализация қилинган товар қийматининг 50 фоизи миқдорида жами 63 миллион сўм миқдорида иқтисодий санкция қўлланилди.
Аниқланган қолдиқ сақланаётган сифатсиз маҳсулотларни сотувга чиқармаслик ва сифатини қайта тиклаш лозимлиги бўйича кўрсатма берилди.
***
Бухоро шаҳридаги “Низом Ганжавий” маҳалла фуқаролар йиғини, Ҳамза кўчасида жойлашган кўп қаватли уйда ёнғин юзага келгани ҳақида Фавқулодда вазиятлар хизматига хабар келиб тушди.

Зудлик билан учта ёнғин-қутқарув автоэкипаж воқеа жойига етиб борди ва олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида соат 16:14 да ёнғин тўлиқ ўчирилди. Ёнғинннинг келиб чиқиш сабаби электр симларнинг қисқа туташуви эканлиги аниқланди.

Энг муҳими, ёнғин қутқарувчилари томонидан 9 нафар фуқаро хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши, тан жароҳати олганлар йўқ.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.