Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:05 / 2025-07-25

Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона пости орқали икки ҳолатда белгиланган меъёрлардан ортиқ миқдорда нақд хорижий валютани олиб чиқишга уринишлар божхона ходимлари томонидан фош этилди.

Маълумотларга кўра, йўловчилар оғзаки сўровда ортиқча валютага эга эмасликларини билдирган бўлсалар-да, шахсий кўрик давомида яширилган 11 600 АҚШ доллари аниқланиб, ноқонуний олиб чиқишнинг олди олинди.

Маълумот учун, жисмоний шахсларга эквиваленти 100 000 000 (юз миллион) сўмгача бўлган нақд валютани ихтиёрий тарзда йўловчи божхона декларациясида кўрсатиб, олиб чиқишга рухсат этилади. Бу меъёрдан ортиқ маблағлар учун эса тегишли рухсатномалар талаб этилади.

***

Саноат хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиш бўйича ёқилғи қуйиш, сақлаш ва тарқатиш иншоотлари фаолияти ўрганилмоқда.

“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ва Республика ишчи гуруҳи билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан вилоятдаги мавжуд ёқилғи қуйиш, сақлаш ва тарқатиш иншоотлари ҳамда чакана савдо шохобчалари хатловдан ўтказилмоқда.

Хусусан, Бухоро ва Когон шаҳарларида хизмат кўрсатиб келаётган “Когон-Мерос”, “Мирзо” хусусий корхоналари ҳамда “Бахтли Шерзод” МЧЖга қарашли “Бухоро газ тўлдириш станцияси”нинг муҳофаза ҳудудидаги мавжуд бино ва иншоотларнинг тасдиқланган бош режаси ҳамда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилган ҳолда жойлашгани, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда лицензия талабларига риоя этилиши ўрганилди.

***

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бухоро вилояти Ғиждувон тумани бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида йирик миқдордаги ноқонуний ҳолат аниқланди.

Фуқаро Р.Ш. томонидан “Дилкушо” маҳалласи ҳудудида жойлашган хонадонда новвойхона ташкил этилгани ва у ерда тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги табиий газ ҳамда электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 493 миллион сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.