Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
16:23 / 2025-07-16

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали кардиолог-аритмолог мутахассислари томонидан аритмология йўналишида қатор қабуллар ўтказилди. Айни кунда Жанубий Корея давлатининг “Channam National university” тиббиёт марказида тажриба орттирган малакали мутахассис К.Шамсиев ҳам бу қабулларда фаол иштирок этди. Юрак ритмида ўзгаришлар мавжуд бўлган ўнлаб бемор мазкур тиббий кўриклардан ўтказилди.

Қабулда Жондор туманида яшовчи, 1982 йили туғилган бемор Қ.Н.да юракнинг тез уриб кетиши хасталиги юзасидан тезкор даволаш чораси кўрилди. Бемор зудлик билан мутахассис томонидан кўрилиб, тегишли диагностик усуллар қўлланилгандан сўнг унда юқори технологик кам инвазив амалиёт ўтказилишига қарор қилинди. 

Мазкур амалиёт филиалнинг тажрибали мутахассислари томонидан қўлланилиб, “юракни электрофизиологик текшириш ва ридиотўлқинли абиляцияси” усули муваффақиятли амалга оширилди. 

* * * 

“Бухоро аэропорти” чегара-божхона пости ходимлари ва Авиация хавфсизлиги ходимлари ҳамкорлигида сўнгги бир неча кун ичида амалга оширилган назорат тадбирларида уч маротаба қонуний меъёрдан ортиқча бўлган тилла тақинчоқларни, умумий оғирлиги 120 гр, қиймати 115 миллион сўм бўлган заргарлик буюмлари ноқонуний олиб кирилиши олди олинди.

Шунингдек, жорий йил бошидан буён божхона пости томонидан жами 342 миллион сўм қийматдаги қимматбаҳо металл тақинчоқларнинг ноқонуний олиб кирилиши бартараф этилган.

Маълумот учун, Жисмоний шахсларга божхона қонунчилигига кўра, декларацияда қайд этмаган ҳолда ва ҳеч қандай божхона тўловларисиз қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган товарларни (божсиз олиб кириш нормаларига кўра) юртимиз ҳудудига олиб киришга рухсат этилади. Белгиланган меъёрдан ортиқча бўлган заргарлик буюмларни олиб киришда декларация тўлдирилади ва божхона қоидаларига амал қилинади. 

* * *

Бухоро вилояти Жондор тумани “Қозикент” маҳалла фуқаролар йиғинида 3375 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда тажрибали ва фидойи ижтимоий ходим Баҳриддин Салоҳиддинов ўз ишига масъулият билан қараб келмоқда. Айни пайтда ушбу маҳаллада 80 нафар ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилиб, “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”да 29 та ва “Камбағал оила реестри”да 23 та оила рўйхатга олинган.

Узоқ йиллардан бери ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлиб келаётган фуқаро Фахриддин Жўраев ва унинг рафиқаси Гўзал Манглиева тўрт йил муқаддам юз берган автоҳалокат туфайли ногиронлик ҳолатига тушиб қолган.

Ижтимоий ходим ташаббуси билан ушбу оилага кенг кўламли ёрдамлар кўрсатилди. Натижада болалар нафақаси тайинланди, “Камбағаллик реестри”га киритилди. Оилага уч миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами тақдим этилиб, ногиронлик аравачаси ва тирсак ҳассаси билан таъминланди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.