Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:34 / 2025-07-11

Вобкент туманида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида веломарафон тадбири бўлиб ўтди. Оммавий спорт тадбирида ёшлар вакиллари, спортда муайян ютуқларга эришган йигит-қизлар ҳамда спорт мураббийлари ва кўнгиллилар иштирок этди.

Тадбир туман ҳокимлиги ва туман ИИБ бўлими ташаббуси билан ўтказилди. Унда иштирокчилар “Анжир Фағнавий” зиёратгоҳи йўли бўйлаб уч километр масофани босиб ўтди. 

– Ёшлар ўртасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка, енгил атлетика турлари бўйича мусобақалар доимий равишда ўтказилиб келинмоқда. Айниқса бу каби тадбирлардан сўнг иштирокчилар ўзлари яшаётган маҳаллаларда тенгдошларини спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Хушнудбек Ражабов.

* * *

Оғир ижтимоий шароитда яшаётган, ҳалол меҳнат билан рўзғор тебратаётган, фарзандларига тарбия бераётган оилалар учун давлат томонидан кўрсатилаётган кўмак ҳаётга янгича нигоҳ билан қарашга замин яратади.

Бухоро вилояти Вобкент туманида яшовчи Ситора Ғайбуллаева икки фарзанди ва турмуш ўртоғи билан биргаликда новвойчилик билан шуғулланади. Ҳаётда дуч келган турли синовларга қарамай рўзғор юмушлари, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиб келмоқда.

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг ижтимоий ходими томонидан оила ўрганилди ва натижада у “Камбағал оилалар реестри”га киритилди. Бу орқали фарзандлари учун бола нафақаси тайинланди. Фарзандлари мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилиб, уларнинг тарбияси ва таълими йўлга қўйилди. 

Оила ҳоким ёрдамчиси кўмагида имтиёзли кредитга эга бўлди ва ҳозирда новвойчилик учун янги асбоб-ускуналар ва мотоцикл харид қилинди. Бугунда Ситора опа 12 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, новвойлик фаолиятини янада кенгайтиришни режа қилган.

* * *

Бухорода вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан “Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда “Оқила аёллар” ҳаракатининг ўрни” мавзусида форум бўлиб ўтди.

Унда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий муҳитда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Бухоро давлат техника университети профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган ихтиролар, илмий ва инновацион ишланмалар ҳамда амалий лойиҳалар тақдимоти билан яқиндан танишди.

Форумда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова иштирок этди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.