“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан энергетика объектларида олиб борилаётган таъмирлаш ишларида инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар ўрганилмоқда.
Хусусан, Жондор туманидаги 1412-сонли трансформатор пунктида таъмирлаш ишларини олиб бораётган бригада ташкилий ва техник тадбирларни бажармасдан, ҳимоя воситалари етарли бўлмаган ҳолда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этмасдан ишлаётганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан бригада иш жойидан четлаштирилди. Хавфсизлик чора-тадбирлари тўлиқ бажарилиши юзасидан кўрсатмалар берилиб, унинг ижроси назоратга олинди.
* * *
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Искогаре маҳалласида яшовчи Наргиза Мансурова яқинда турмуш ўртоғидан ажралиб, икки фарзанди билан оғир ижтимоий аҳволда қолди. Оиланинг мураккаб шароити ўрганилгач, унга зарур ёрдам кўрсатилди.

Оила “Камбағал оилалар реестри”га киритилди, бу орқали давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди. Наргиза опанинг фарзандлари учун бола нафақаси тайинланди, бу эса оиланинг кундалик эҳтиёжларини қоплашда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, кам таъминланган оила сифатида Наргизанинг икки нафар фарзанди мактабгача таълим муассасасига имтиёзли равишда жойлаштирилди. Бундан ташқари, маҳаллий ҳомийлар жалб қилиниб, оиланинг асосий даромад манбаига айланиши учун 1 бош қорамол олиб берилди. Шу билан бирга, ҳомийлар кўмагида уй-жойи таъмирланиб, яшаш учун муносиб шароит яратилди.
* * *
“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Суванқулов Бухорода аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб бериш ва юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасидаги ишлар билан танишди.

Дастлаб “Бухоро сув таъминоти” раҳбарияти билан биргаликда вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди. Хусусан, Осиё инфратузилма инвестициялар банки иштирокида олиб борилаётган “Бухоро вилоятида ичимлик суви ва оқова сув тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Бухоро ва Когон туманларидаги марказий сув иншоотлари барпо этилаётган “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат паркидаги қурилиш ишлари ҳам ўрганилди. Саноат паркида ичимлик суви тармоқлари бўйича олиб борилаётган монтаж ишлари кўздан кечирилиб, уларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш бўйича топшириқлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.