Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:50 / 2025-03-31

Бош Прокуратура департаментининг Бухоро шаҳри бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.А. ер майдонини ноқонуний сотишга урингани фош этилди.

Маълумотларга кўра, у Вобкент тумани “Латиф Собунгар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6 нафар фуқарога деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилган 60 сотих ер майдонини ўз раҳбарлигидаги “Ш.Ў.” фермер хўжалигига тегишли эканлигини айтиб, ерни кадастр бўлимидаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 90 миллион сўм пул олган пайтида қўлга олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

*** 

30 март – Халқаро чиқиндиларсиз дунё куни муносабати билан Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Бухоро шаҳридаги “Сомонийлар” истироҳат боғида чиқиндиларни тозалаш акцияси  ташкил этилди.

Акция доирасида вилоят Экология бошқармаси ходимлари, Бухоро Педагогика институти талабалари, вилоят “Ёш экологлар ҳаракати” аъзолари, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси ва бошқа ташкилотлар иштирок этди.

“Плоггинг” лойиҳаси доирасида иштирокчилар 5 та гуруҳга бўлиниб, 550 килограммдан ортиқ чиқиндиларни йиғди. Фаол иштирок этган гуруҳларга бошқарма томонидан эсдалик совғалар ва ташаккурномалар топширилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.