Бухоро вилояти Олот туманида давлат инвестиция дастури асосида пудратчи “ASAKA КAPITAL INVEST” МЧЖ томонидан “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази учун икки қаватли замонавий бино қуриб, фойдаланишга топширилди.
Наврўз айёми олдидан замонавий кўринишдаги, етарли шарт-шароит яратилган иншоотни фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, маҳаллалар фаоллари ҳозир бўлди. Эндиликда “Инсон” ижтимоий хизмат маркази орқали ногиронликни белгилаш, протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш, санаторий-соғломлаштириш масканларига юбориш, психологик ёрдам ва нафақалар тайинлаш бўйича хизматлар кўрсатилади.


Туманда жорий йил 15 март ҳолатида 3 минг 363 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро, 52 нафар якка-ёлғиз кекса ва ногирон фуқаро истиқомат қилмоқда. Ҳозирда уларга марказ томонидан бириктирилган 7 нафар ижтимоий ходим, ассистентлар хизмат кўрсатмоқда. Жорий йил бошидан буён олис тумандаги 100 нафардан ортиқ фуқарога саломатлигини тиклаши учун пансионат ва сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилган.
Очилиш маросимидан сўнг рамзий алвон лента қирқилиб, тадбирда йиғилганлар муассасада яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди.


* * *
Бухоро вилояти Когон туманининг “Ниёзҳожи” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган, миллий анъаналар билан уйғунлашган маданий ҳордиқ чиқариш маскани барпо этилмоқда. Бу лойиҳа қиймати 10 миллиард сўмга молиялаштирилган бўлиб, ҳозирда пудратчи “Bukhara green vegetables” МЧЖ томонидан 2000 квадрат метр майдонда қурилиш, жиҳозлаш, ўзига хос декоратив дизайнни яратиш ишлари амалга оширилмоқда.
Туризм йўналишида хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида ташкил этилаётган маскан, бир вақтнинг ўзида 50 мингга яқин сайёҳга хизмат кўрсатиш сиғимига эга бўлиб, лойиҳа ишга тушиши билан дастлабки босқичда 40 нафар иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.




* * *
Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда адвокатнинг ноқонуний ҳаракатини фош этишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбирда Пешку туманида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати 2024 йилда жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан судланган фуқарога оид ишни кассация инстанциясида кўриб чиқиш жараёнида унга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш масаласини суд тизимидаги танишлари орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

Натижада эвазига 12 минг доллар пора олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири