Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди.
Маълум бўлишича, “Б.С.Т.” АЖ абонентлар бўлими бошлиғи ўринбосари А.Р. ЯТТ А.Х.га тегишли бинода ичимлик сувидан фойдаланишнинг қонунийлиги бўйича ўрганиш ўтказиб, иш бошқарувчи О.З.га бу ҳақда тузилган далолатнома бўйича 15 миллион сўм зарар ҳисобланишини айтиб уни алдайди. Тадбир жараёнида О.З.дан 14,9 миллион сўм пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳозирда, ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

* * *
Республикамиздаги 233 та мактаб PISA 2025 тадқиқотида қатнашиш учун халқаро ташкилотлар томонидан тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинди. Мазкур мактаблардаги 9050 нафар 15 ёшли ўқувчи тадқиқотда қатнашиши назарда тутилган. Бу жараёнда Бухоро вилоятидан танланган 10 та мактаб ҳам иштирок этади.
– Тадқиқот жараёнлари 2025 йилнинг апрель ва май ойларида ўтказилиши режалаштирилган. Синовлар компьютер ёрдамида онлайн тарзда ташкил этилади. 2025 йилдаги тадқиқотда дунёнинг 91 та мамлакатлари қаторида Ўзбекистон мактабларининг муносиб иштирокини таъминлаш бўйича Бухоро вилоятида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бош методисти Наргиза Ҳусенова.

* * *
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Хўжа Ориф маҳалласида бувиси ва амакиси билан яшаб келаётган Александра ота-онаси билан узоқ йиллардан буён кўришмайди. Кичкина жуссасида катта қалбни яшира олган қизнинг орзулари осмон. Унинг асосий мақсади одамларга, бегонага айланган яқинларига ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишдир.
– Ота-оналар ажрашганда биринчи навбатда, улар эмас, болалар азобланади. Чунки, уларнинг иккиси ҳам болалар учун қадрли, – дейди Александра. – Ҳаётимдан мамнунман. Ҳозирда талабаман. Ўзим хоҳлаган касб эгаси бўлиш менга завқ бағишлайди. Юртим тинч, давлатим менга барча шароитларни яратиб берган. Шу шароитдан унумли фойдаланган ҳолда келажагимни яратиш йўлида доим изланишдаман.

Александра онлайн ва офлайн тўгаракларда иштирок этади. Инглиз тилидан тил билиш сертификатини қўлга киритган. “Инсон” волонтёрлари кўмагида кириш имтиҳонларида иштирок этди. Марказ томонидан берилган электрон аравача унинг дарс жараёнларига бориб-келишида, курсдошлари билан талабалик гаштини суришида беминнат кўмакчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири