Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида туғма бош мия қон томир патологияси мавжуд бўлган беморда маҳаллий мутахассислар томонида юқори технологик операция ўтказилди.
Бемор кўп йиллардан бери бош мия артерио веноз мальфомациядан азият чекиб, уч марта бош мияга қон қуйилишини бошидан кечирган. Натижада шифокорлар томонидан эндоваскуляр усулда даволанди. Айтиш жоизки бундай амалиётни амалга оширилиши вилоят тарихида илк маротаба бўлиб, маҳаллий шифокорлар томонидан ривожланган чет эл клиникаларида малака ошириш ва бир нечта маҳорат дарсларини ташкил этиш талаб қилди.

– Маҳаллий шифокорларнинг бундай ютуқлари беморларнинг даволаниш харажатларини камайишига, юқори технологик тиббий хизматларни вилоят шароитида амалга ошишига ва энг муҳими аҳолининг тиббий хизмат ва тиббиёт ходимларидан рози бўлишига хизмат қилади, – дейди марказ раҳбари М.Ражабов. – Ҳозирда бемор амалиётдан кейин интенсив муолажаларни қониқарли ҳолатда қабул қилмоқда ва ўз навбатида касаллик ижобий томонга ўзгармоқда.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги “Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятнинг шаҳар ва туманларида қатор истиқболли лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ромитан туманидаги 5 та маҳалла фуқаролар йиғинида маҳаллий тадбиркорлар, аҳоли ҳамда келадиган меҳмонларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган кўчалар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан ҳудуд мастер-режалари асосида ҳудуд қиёфасини яхшилаш, тижорат, савдо ва маиший сервис хизматларини ташкил этиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, кўчаларда туну кун фаолият юритиш мўлжалланган.

Эндиликда тайёрланган лойиҳаларга биноан туманнинг “Алишер Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Дўстлик кўчасида 650 метр, “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шифокорлар кўчасида 800 метр, “Ибн Сино” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Бухоро кўчасида 320 метр, “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Нурафшон кўчасида 750 метр, “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Баҳористон кўчасида 540 метр масофада савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, шунингдек, кўнгилочар ва спорт-соғломлаштириш шохобчалари барпо қилиниб, фойдаланишга топширилади.
* * *
Халқ билан мулоқот аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишнинг самарали йўли ҳисобланади. Бухоро вилоятида ҳам секторлар, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан тизимли равишда жойларга борган ҳолда сайёр қабуллар орқали аҳоли билан мулоқот қилиш йўлга қўйилган.
Тасдиқланган режага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шофиркон туманидаги Халқ қабулхонасида Бухоро вилояти Халқ қабулхонаси бош мутахассиси Маъмур Раҳмонқулов ва Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Элбек Зайниддинов ҳамда тегишли масъуллар иштирокида аҳолининг кадастр соҳасидаги муаммоларини аниқлаш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.

– Фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларни баён қилиш билан бир қаторда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари ва уларда қурилган уй-жой, бино иншоотларга эгалик ҳуқуқи бериш бўйича қонун қабул қилинганлигини юксак баҳолаб, давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорликларини билдириб ўтди. Қабулда аксарият мурожаатлар жойида ҳал этилди ва муддат талаб қиладиган мурожаатлар бўйича эса фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш берилди, – дейди Маъмур Раҳмонқулов.

* * *
Улғайиб келаётган баркамол ўғил-қизни жисмонан ва руҳан чиниқтириш, спортга бўлган қизиқишни қўллаб-қувватлаш, ёшларни ҳар жиҳатдан соғлом, маънавий баркамол этиб тарбиялаш мақсадида Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Машъал” МТП биноси ўрнида замонавий “Муҳаммадали” спорт мажмуаси барпо қилинди.
Лойиҳага 400 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, 3 минг квадрат метр майдонни ўз ичига олади. Спорт мажмуаси Шарқ яккакурашларидан айнан дзюдо спорт тури билан шуғулланувчи ёш спортчилар учун мўлжалланган. Мажмуада бир пайтнинг ўзида 40 нафар ёш кураш билан шуғулланиши мумкин.

“Муҳаммадали” спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилгани спортчи ёшлар учун муносиб совға бўлди. Очилиш маросимида туман ҳокимлиги мутасаддилари, фахрий спортчилар, маҳалла фаоллари иштирок этиб, ёш спортчиларга муваффақиятлар тилади. Рамзий лента қирқилгач, меҳмонлар спорт мажмуасида яратилган шароит билан танишди.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири