French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
20:04 / 2024-10-12

Ижодкорлар кўҳна ва боқий Бухорода

Буюк Британиянинг “Lonely Planet” номли туристик нашриёти журналист ва блогерларидан иборат делегация аъзолари Бухоро бўйлаб тасвирга олиш ишларини амалга оширди.

Ундан кўзланган асосий мақсад – кўҳна ва боқий Бухоронинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш орқали ноёб маданий ва тарихий қадамжоларни дунёга таништиришдан иборат.

Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисидаги йўриқнома китобининг янги нашрини тайёрлаш мақсадида “Арк” қўрғони, “Лаби Ховуз” ансамбли, “Пойи Калон” мажмуаси, Исмоил Сомоний мақбараси ҳамда Чашмаи Аюб каби қатор тарихий марказларда бўлди.

Маълумот учун, “Lonely Planet” – саёҳат бўйича қўлланма ва китоблар нашриёти бўлиб, 1973 йилда Австралияда ташкил этилган компания 150 миллиондан ортиқ китобларни чоп этган.  

Пухта тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловга ҳам оз муддат қолди.  

– Барча жараёнлар қонунчилигимизда белгиланган тартиб-қоидалар ва талаблар асосида ташкил этилмоқда, – дейди Бухоро шаҳридаги 35-сайлов участка комиссияси раиси Ҳамза Ражабов. – Овоз бериш биноларида яширин овоз бериш учун етарли миқдорда хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенларини бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши масаласи ҳам амалдаги қонунчилик асосида ташкил қилинди. Муҳим сиёсий тадбир арафасида турибмиз. Айни пайтда масъулиятни янада ҳис қилиб, юртимиз ва халқимиз келажаги учун овоз беришда барча жараёнларни шаффоф ўтишини чин дилдан истаймиз, албатта. Ватанимиз эртасига бефарқ бўлмаган юртдошларимизни сайловда фаол иштирок этишга чорлайман.  

Мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мутасадди корхоналар раҳбарлари ҳамкорлигида аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш, аҳоли кайфиятига салбий таъсир этадиган тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш мақсадида Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманлари аҳолиси учун Ғиждувон туманида сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда жами 66 нафар жисмоний ва юридик шахслар вакиллари мурожаатлари билан иштирок этди. Қабул қилинган мурожаатларнинг 10 таси газ, электр энергияси ва ичимлик суви, 35 таси соғликни сақлаш, уй-жой, ер ва моддий ёрдам каби ижтимоий йўналишда, 13 таси суд-тергов ҳамда 8 таси бошқа масалаларни ташкил қилди.

Қайд этилган мурожаатларнинг 35 таси жойида ижобий ҳал қилиниб, 10 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.  

Бундан ташқари, шу жойнинг ўзида, ишсизларни айниқса, ижтимоий реестрда турган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди. Шунингдек, тадбир давомида аҳоли орасида электр энергиясини ва табиий газни иқтисод қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича амалий кўргазма намойиш этилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.