Бухоро вилояти Ромитан тумани “Бахтиёрчи” маҳалла фуқаролар йиғинида 42-оилавий поликлиника биноси қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди.
Тиббиёт масканининг очилиш маросимида туман ҳокими Умиджон Барноев қатнашди. Шундан сўнг, рамзий тасма қирқилиб, янги тиббиёт масканида аҳолига яратилган шароитлар билан танишилди.

Поликлиника 100 қатнов қувватига эга бўлиб, барча турдаги замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган. Оилавий поликлиника 5 маҳалла фуқаролар йиғини, 4 мактаб, 3 мактабгача таълим ташкилотига, умумий ҳисобда 15 минг нафардан зиёд аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, ушбу бинода аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 24 соат фаолият олиб борадиган тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳам ташкил этилган.
Поликлиникани таъмирлаш ишлари учун 920 миллион сўм маблағ ажратилди.

***
Фуқаро О.Толибова ўзи яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Унинг ишлари кимгадир ёқмай қолиб, турли баҳоналар билан уни ишдан бўшатишди. У эса ўз ҳуқуқларини тиклаш учун судга мурожаат қилди.
Суд ҳолатни ўрганиб чиқиб, аризани қаноатлантирди ва ишга тиклаш бўйича қарор чиқариб, ижросини таъминлаш учун Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти Жондор тумани бўлими иш юритувига юборди.
Бу орада ҳукумат қарори билан маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган раиснинг Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, очиқ танлов асосида Аргос орқали маҳалла фуқаролар йиғинларига хотин-қизлар фаоли лавозимига муносиб номзодлар, тузилган ишчи гуруҳлар орқали танлаб олиниши белгиланди.

Бундан ташқари, унинг ишга тикланишидан норози бўлган тараф судга хусусий шикоят киритди. Тортишувли масалани вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъати кўриб чиқди. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилиб, фуқаро О.Толибова маҳалла фуқаролар йиғинида оила ва хотин-қизлар ҳамда ижтимоий масалалар бўйича раис ўринбосари лавозимига ёки шу лавозимга тенг бўлган бошқа лавозимга 2022 йил 6 октябрь кунидан ишга тиклаш белгиланди.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси вилоят бошқармаси Жондор тумани бўлимининг 2023 йил 6 июнь кунидаги буйруғи билан фуқаро О.Толибова маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли лавозимига ишга тикланди ҳамда унинг фойдасига 18 миллион 87 минг сўм мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундирилиб, ижро иши амалда тамомланди.
Зариф Комилов, ЎзА