Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти: таълим муассасалари ўқув йилига тайёрми?
11:18 / 2022-08-23

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоятдаги ўқув муассасаларида 2022-2023 ўқув йилига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Унда вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроевнинг ҳисоботи тингланди.  

Таъкидланишича, Бухоро вилоятида бугунги кунда жами 586 та давлат таълим муассасалари, жумладан, 5 та олий таълим муассасалари, 43 та профессионал таълим муассасалари, 540 та мактаблар фаолият юритмоқда. Шунингдек, 3 та нодавлат олий таълим муассасалари ва 14 та хусусий мактаблар фаолияти ҳам ташкил қилинган. 

Жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларига 39 минг 352 нафар ва профессионал таълим муассасаларига 13 минг  870 нафар ўқувчилар, олий таълим муассасаларига 12 минг 500 нафардан ортиқ талабаларни қабул қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда умумтаълим мактабларига 34 минг 918 нафар, касб-ҳунар мактабларига умумтаълим мактабларининг 7 минг  7 нафар 9-синф битирувчилари қабул қилинди. Ҳозирги кунда олий таълим муассасалари, коллеж ва техникумларда қабул жараёнлари давом этмоқда.  

Таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш доирасида 2022 йилги Инвестиция дастури асосида 23 та мактабда, жумладан,  
5 тасида янгидан қуриш, 12 тасида реконструкция ва 6 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида мазкур муассасаларда 101 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Инвестиция дастури асосида умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якуни билан 5 мингга яқин янги ўқувчи ўрни яратилади. 6 минг 22 ўқув ўринли бино-иншоотлар мукаммал таъмирланади ҳамда 5 та янги спорт заллари барпо этилади. 

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида 21 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, бугунги кунга қадар 28 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган.  

Янги ўқув йилига 459 та мактабларнинг 11 минг 565 та синф хоналарини тайёрлаш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 миллиард 311 миллион сўм ажратилган бўлиб, мазкур маблағлар ҳисобидан муассасаларда жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилди. 

Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджетидан қўшимча равишда ажратилган 4 миллиард  410 миллион сўм маблағ ҳисобига 64 та мактаблар ҳожатхоналари таъмирланди. 5 минг  310 дона парталар олинди. 2 та умумтаълим муассасаларининг атрофи ўралди. Бундан ташқари, ташаббусли бюджет доирасида халқ таълими тизимидаги 28 та умумтаълим муассасаларининг атрофини ўраш, 61 та мактабларни жиҳозлаш учун маҳаллий бюджетдан 32,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.  

“Замин” фонди ҳисобидан ажратилган 19,74 миллиард сўм маблағ ҳисобида вилоятдаги 15 та (Жондор туманида 2 та, Пешку туманида 3 та, Шофиркон туманида 4 та, Ғиждувон туманида 5 та, Ромитан туманида 1 та) умумтаълим мактаблари тоза ичимлик суви билан таъминланди. 
Мактабларда таълим олаётган 16 минг 940 нафар кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар фарзандларини мактаб формаси билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул қилинадиган ўқувчиларга 39 минг 352 тўплам “Президент совға”лари берилиши режалаштирилган.  

Тадбирда тизимда бир қатор камчилик ва муаммолар ҳам борлиги таъкидланди. Хусусан 172 та мактаб марказлашган ичимлик тармоғига уланмагани, 12 та мактабнинг ҳожатхоналари таъмирталаблиги, 128 тасининг атрофи ўралмагани, 1 минг 500 дона янги доскалар харид қилиш зарурлиги танқид қилинди. 

Бундан ташқари, 73 та мактаб ва 10 та профессионал таълим муассасаларининг иситиш тизими таъмирталаблиги, 79 та мактаб ва 20 та профессионал таълим муассасалари биноларида қўшимча таъмирлаш ишларини амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Вилоятдаги 156 та мактаблар лаборатория хоналари ҳамда 20 та профессионал таълим муассасаларининг ўқув устахоналарини таъмирлаш ва жиҳозлашга эҳтиёж мавжуд. 76 та мактабларда спорт зали ва 223 тасида фаоллар зали йўқ, 51 та мактаблар 1,6 коэффициент ҳамда 9 та мактаб 2 коэффициентдан юқори қувватда фаолият юритмоқда. 

Тадбирда билдирилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.  

Зариф Комилов,  ЎзА