Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти: саноатда ишлаб чиқариш ҳажми янада ошади
12:58 / 2023-05-03

Бухоро вилояти жаҳоннинг элликдан ортиқ давлати билан ўзаро тенг манфаатли савдо-иқтисодий ва бошқа жабҳаларда узвий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ташқи савдо айланмаси ҳам ошаётир.

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш стратегияси диверсификацияланган ва рақобатбардош иқтисодиётни яратишга, инновацион технологиялар ва бозорни бошқаришнинг янги усулларини кенг қўллаган ҳолда миллий ресурслардан максимал даражада фойдаланишга йўналтирилган.  

Бухоро вилоятида ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармон доира вакиллари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва истиқболли лойиҳаларга кенг ўрин бериш, талаб ва эҳтиёж юқори бўлган, импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

– Бу борада баъзи статистик маълумотларга тўхталсак, жорий йилнинг дастлабки чорагида вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 343,4 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 47,6 миллион АҚШ долларига ёки 16,1 фоизга ошган, –дейди вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Феруз Каримов. – Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида товарлар ташқи савдоси статистика кўрсаткичларини шакллантиришда, Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси билан биргаликда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро стандартлашган савдо таснифлагичи – ХССТ дан кенг фойдаланилади. Бу ўз навбатида таҳлилий мақсадларда экспорт ва импорт қилинадиган товарларни 10 та катта қисмга гуруҳлаш, ўрганиш ва ҳисобини юритиш имконини беради.  

Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмаси энг юқори улушга эга бўлган давлатлар мисолида олсак, 2023 йил биринчи чорагида Россия билан умумий савдо айланмаси 96,1 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, шундан импорт ҳажми 84,2 миллион, экспорт ҳажми эса 11,8 миллион АҚШ долларига етказилган.  

Худди шундай, халқаро ҳамкорлар сафида Хитой Халқ Республикаси билан ташқи савдо айланмаси ҳажми мазкур уч ойда 24,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан импорт ҳажми 21,5 миллион, экспорт ҳажми эса 2,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Шунингдек, Эрон давлати билан иқтисодий муносабатлар кенгайиб бораётгани баробарида шу йил дастлабки чорагида Бухоро ва Эрон ишбилармон доира вакиллари ўртасида умумий қиймати 7,2 миллион АҚШ долларига тенг ташқи савдо айланмаси амалга оширилган бўлиб, бунда импорт 6,2 миллион, экспорт ҳажми эса 1 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.  

Шу даврда қўшни Туркманистон Республикаси билан қиймати 10,5 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги ташқи савдо айланмаси амалга оширилган бўлса, шундан импорт маҳсулот ҳажми 9,5 миллион, экспорт ҳажми эса 1 миллион АҚШ долларини ташкил этган.  

Умуман, айни пайтда Туркия билан ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликдаги ташқи савдо айланмаси 13,9 миллион АҚШ долларига етказилган бўлса, Қозоғистон Республикаси билан бу кўрсаткич 5,1 миллион, Германия Республикаси билан 4 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.  

Иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари ва корхоналарининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш учун айни пайтда Бухоро вилоятида зарур ресурслар базаси яратилган. Тадбиркорлик субъектлари учун ҳам ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбири кўрилмоқда. Бу саъй-ҳаракат самараси ўлароқ, экспорт таркибида сезиларли ўзгаришларга импорт товарларнинг ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноат ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш натижасида эришилмоқда.  

Худди шундай қўшни давлатлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатларни ижтимоий-иқтисодий, савдо-саноат ҳамда маданий соҳалардаги алоқаларини ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини кўриш мумкин. Бу борада ташқи савдо айланмасида сўнгги йилларда сезиларли ўзгаришлар кузатилаётгани диққатга молик. Мисол учун, сўнгги уч йилда Афғонистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Эрон билан ташқи савдо айланмаси ошгани қайд қилинмоқда.  

Бироқ таҳлиллардан кўринишича, бу борада асосий ҳамкорлар сифатида иқтисодий улуш Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Туркия, Туркманистон ва Эрон давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Шу ўринда вилоятнинг ҳудудлар кесимида ташқи савдо айланмаси хусусида гап борганда, аввало иқтисодий салоҳияти юқори бўлган Қоровулбозор тумани ва ундаги “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ўрни ва мавқеи яққол билинади. Бу борада туман ташқи савдо айланмаси жорий йил дастлабки чорагида 171,4 миллион АҚШ долларини ташкил этгани фикримиз далили. Енгил саноат, тўқимачилик ва текстил, шу билан бирга, қурилиш материаллари савдоси ривожланаётган Бухоро шаҳрида бу кўрсаткич 48,1 миллион АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, Пешкў тумани улуши 20,1 миллион АҚШ долларини ташқил этмоқда. Етакчилар билан бирга, ташқи савдо айланмасида қуйи ўринларда бораётган туманларни ҳам эътироф этиш жоиз. Бунда иқтисодий ўсиш ҳажми Қоракўл туманида умумий 8,4 миллион, Шофиркон туманида 5,4 миллион ва Олот туманида 3,9 миллион АҚШ долларидан ошмагани тармоқда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилишини тақозо этмоқда.  

Юқоридагилардан келиб чиққанда, кўп йилдирки, иқтисодиёти асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган Бухоро вилоятини айни кунда саноатлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда биринчидан, вилоятда янги саноат корхоналари барпо қилиш учун сўнгги олти йилда қарийб 6 миллиард АҚШ доллари инвестиция жалб қилингани, бунинг ҳисобига ҳудудда 2,5 мингтага яқин янги корхона ташкил қилиниб, уларда ишлаб чиқариш ҳажми 4 бараварга оширилаётгани, олдин вилоятнинг саноат маҳсулоти асосан нефт-газ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда пахта толаси бўлган бўлса, ҳозирда енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр энергия манбалари каби юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучайтирилган. Натижада вилоятдаги саноат экспорти 3 бараварга ошиб, иқтисодий кўрсаткич 206 миллион АҚШ долларига етказилгани салмоқли ютуқ, албатта.  

– Жабҳада олиб борилаётган ҳисоб-китоб ва амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида бугун саноат корхоналарида 44 минг аҳоли бандлиги таъминланаётган бўлса, уларнинг 6,5 минг нафари юқори малакали мутахассислар ҳисобланади. Мисол учун, “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасида ҳозирги кунда умумий қиймати 220 миллион АҚШ долларига тенг 46 та лойиҳа амалга оширилмоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Феруз Каримов. –Биргина саноат йўналишида жами 611,5 миллион АҚШ долларлик 314 та лойиҳа амалга оширилиб, бунинг натижасида 11 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Жорий йил якуни билан вилоятдаги саноат маҳсулотлари экспорти ҳажми 252,5 миллион АҚШ долларига етказилади. 2022 йилга нисбатан 122 фоиз ўсишга эришиш мақсад қилинган. Бу борада келгуси йилларда вилоятда тўқимачилик ва металлни қайта ишлаш соҳаларида йирик лойиҳаларни ишга тушириш бошланган.  

Бухорода жорий йилда 611,5 миллион АҚШ долларлик 314 та ҳудудий саноат лойиҳасини, жумладан, умумий қиймати 404 миллион АҚШ долларига тенг 19 та йирик саноат лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг ҳисобига жойларда саноат тармоғида 11 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Худди шундай, Бухородаги саноат зоналарида қиймати 96,5 миллион АҚШ долларига тенг 60 та истиқболли лойиҳани яқин бир неча ойда тўлиқ амалга ошириш кўзда тутилган. Бу борада масъуллар иш олиб бормоқда. Жорий йил якунига бориб Қоракўл туманида "ENTER STEEL KARAKUL" МЧЖ негизида 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобига катта ҳажмдаги резервуарлар ҳамда металл қувур ишлаб чиқариш заводини, Когон туманида “Бухоро газ сув қурилиш монтаж” МЧЖ негизида қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг бўлган металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Бунда, маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида бутловчи қисмларни етказиб бериш дастури амалга оширилади.  

Вилоятда пахта толасини тўлиқ қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ип-калавани маҳаллий шароитда қайта ишлаш даражасини 50 фоиздан 100 фоизга, ип-газлама ишлаб чиқариш қувватини 212,8 миллион квадрат метрдан – 282,8 миллион квадрат метрга, матога гул босиш ва бўяш қувватини 15 фоиздан – 30 фоизга, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 35 миллион донадан – 50 миллион донага етказиш имконини беради. Экспорт ҳажми эса икки баробарга кўпаяди.  

Вобкент туманидаги “Бухара Глобал Мега Текс” МЧЖ корхонаси томонидан моддий қиймати 156 миллион АҚШ долларига тенг бўлган пахта толасини қайта ишлашдан тайёр маҳсулотгача бўлган “ишлаб чиқариш занжири”ни йўлга қўйиш орқали тўқимчилик комплексини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади.  

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш қуввати 150 минг тоннага эга бўлган, моддий қиймати 146,3 миллион АҚШ долларлик 2 та корхона томонидан сунъий тола ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилали. Мисол учун, Ғиждувон туманида “Бухоро Агрокластер” МЧЖ негизида қиймати 76,3 миллион АҚШ долларлик синтетик тола ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 50 минг тоннага етказиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Истиқболли лойиҳа туфайли корхонада мингдан ортиқ киши иш билан банд бўлади. Қолаверса, бу борада Қоракўл туманидаги “Мергантекс” МЧЖ томонидан йилига 100 минг тонна миқдорида синтетик тола ишлаб чиқариш лойиҳаси алоҳида назоратга олинган. Бунда 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилади.  

Лойиҳа туфайли юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар етиштирилиб, 50 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот экспортга йўналтирилади ҳамда 700 та янги иш ўрни яратилади. Мазкур лойиҳалар туфайли вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ошади. Талаб ва эҳтиёжга мос маҳсулотни айирбошлаш, экспортни ошириш имконияти кенгаяди.  

 

Зариф Комилов,

ЎзА