Бухоро шаҳрида қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадал кетмоқда. Коммунал тармоқлар қайта кўриб чиқилиб, иссиқлик корхоналари модернизация қилинмоқда.
“Бухороэнергомарказ” акциядорлик жамияти бугунги кунда 202 та кўп квартирали уй-жой ёки 11 минг 372 та хонадонда истиқомат қилувчи салкам 30 минг нафар аҳоли, шунингдек, 32 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик энергияси ва иссиқ сув етказиб беради. Хўш, ҳиссадорлик жамиятида 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига қай даражада ҳозирлик кўрилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги тегишли қарори асосида корхонада реконструкция ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш юзасидан Латвиянинг “Eco Air” ва Қозоғистоннинг “Kazenergonaladka” корхоналари томонидан тузилган консорсиум билан шартномалар имзоланган. Ҳозир 274 комплект ИТП ускунаси буюртмачи омборхонасига етказилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари бошланган, ускуналарни ўрнатиш имкони бўлган ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ИТП лар ўрнатилмоқда.
[gallery-14750]
Лойиҳанинг иккинчи босқичида 5,55 км магистрал иссиқлик тармоқлари замонавий пенополиуретан қопламали қувурларга алмаштирилиши кўзда тутилган. Тендер савдолари якунига кўра, Хитой Халқ Республикасининг “ИППР” компанияси билан шартнома имзоланган. Бугунги кунга қадар турли диаметрдаги 11 км. пенополиуретан қопламали қувурлар, компенсатор ва бошқа турдаги жиҳозлар буюртмачи объектига етказиб берилган ва қарийб 5 км. масофадаги тармоқларда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Шундан 2,5 км. узунликдаги янгидан ўрнатилган тармоқлар босим остида синовдан ўтказилган, 1,4 км узунликдаги тармоқда қувурларни монтаж қилиш ишлари бажарилмоқда. Учинчи босқичда эса қозонхонада модернизация ишларини амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, жумладан, 5 та ҳар бири 20 МВт, умумий қуввати 100 МВтли замонавий янги сув иситиш қозони ўрнатилади, насос хўжалиги ва сувни юмшатиш технологиялари такомиллаштирилади. Тендер савдолари якунига кўра, Ўзбекистоннинг “Spets Polimer Montaj Sanatsiya” ва Россиянинг “VAPOR” команияларидан тузилган консорсиум билан шартнома имзоланган. Ҳозир пудратчи томонидан 2 та ҳар бири 200 м куб сиғимли баклар, тармоқ насослари, Россияда ишлаб чиқарилган 2 та “Лаварт 19 СW 160/13-60” русумли қозон, қозон экономайзерлари ва сувни юмшатувчи филтрлар етказиб берилган бўлиб, 6 та тармоқ насоси ўрнатилган.
“Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасининг РК-3 қозонхонаси 155 та кўп қаватли уйдаги 12 мингта хонадон ҳамда 27 та ижтимоий объектни иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлайди.
100 Гкал қувватга эга иншоотда 120 МВтли иккита қозон ўрнатилган.
Қишга тайёргарлик жараёнида ҳудудга 2 км қопламали қувур тортилган. 2 та қозон мукаммал таъмирланган.
Қишга тайёргарлик ишларини сифатли бажариш, энергия ва иссиқлик таъминотини барқарор қилиш, энергия тежамкорлик маданияти ошмоқда.
“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти томонидан вилоят аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
– Аҳоли сони ўсишига пропорционал тарзда истеъмол ҳажми ошиб бораётган фаолиятга доир статистик маълумотларга назар солсак, айни кунда вилоят шаҳар ва туманлари миқёсида 18 минг 167 километр масофада тортилган 0,4-110 киловатт соатга тенг кучланишдаги электр узатиш тармоғи, 95 дона подстанция ҳамда 6 минг 154 дона трансформатор пункти орқали 460 мингга яқин аҳоли ва ижтимоий соҳа истеъмолчиларига электр энергияси етказиб берилмоқда, –дейди “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ техник директори Зоҳир Рустамов. – Бевосита шу йилнинг ўтган даврида таъминот корхонамизда амалга оширилган ишларга тўхталсак, умумий узунлиги 2 минг 836 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи жорий таъмирлашдан чиқарилган бўлиб, шу баробарида 820 дона трансформатор пункти, 5 дона 35-110 киловатт соат кучланишдаги электр трансформатори мукаммал таъмирланган. Маҳалла ва чекка қишлоқларда эскириб яроқсиз ҳолга келган умумий узунлиги 6 минг 103 километрга тенг электр узатиш линияси ва шу ҳудуддаги 1 минг 937 дона трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бундан ташқари, истеъмолчи сони ошгани боис юклама билан ишлаётган 14 та подстанциядаги электр трансформатори юқори қувватлисига алмаштирилган.
Корхона жамоаси тизимда қайд қилиниши мумкин бўлган авария ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 100 дона турли қувватдаги трансформатор, шунингдек, трансформатор мойи, темир-бетон таянч устуни, сим, узунликдаги кабель электр узатиш тармоғи, кабел муфталари, турли хил қувватдаги автоматлар ва ҳимоя воситалари захирасини яратган.
Шу билан чекланиб қолинмасдан, кунлик қуввати 63 тага тенг темир-бетон таянч устуни ишлаб чиқариш ҳамда кунига ўртача 2 та трансформаторни таъмирлаш цехлари ишга туширилган. Тармоқда кузатиладиган узилиш ва бошқа муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида айни кунда вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туман электр тармоқлари идорасида жами 13 та тезкор бригада ташкил қилиниб, уларга 65 нафар малакали ишчи-мутахассис жалб қилинмоқда. Худди шундай, жойларда ўттизга яқин махсус техника ва 70 та транспорт воситасига эга жами шакллантирилган 67 та бригада ва уларга бириктирилган 367 нафар ишчи-ходим электр таъминоти тизимида банд бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва тизимда зарур электр қурилмалари захирасини яратиш мақсадида вилоятда олиб борилган ўрганишлар натижасида шаҳар ва туманлардаги маҳаллаларнинг 137 тасида электр таъминотига дахлдор нуқсон ва муаммо мавжудлиги аён бўлган. Шундан сўнг, ўтган ойларда оғир шароитдаги аҳоли масканларида 59,2 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи янгидан барпо қилиниб, 47 дона трансформатор пункти ўрнатилгани ҳолда яна 100 дона трансформатор қайта таъмирланиб, қуввати оширилган.
Масалан, аҳолиси нисбатан кўп ва зич жойлашган Ғиждувон туманидаги маҳаллалардан 21 тасидаги мавжуд нуқсон ва камчиликларни бартараф этишга киришилди. Шундан 13 та маҳалладаги электр трансформатори қуввати оширилган ва 7 та трансформатор янгидан ўрнатилган. Шунингдек, 8 та маҳаллада 9,3 километр узунликдаги тармоқ янгилангани ҳолда “SIP” кабели тортилган.
Худди шундай, Жондор туманида 13 та, Олот туманида 11 та маҳаллада кенг қамровдаги таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. Икки ҳудудда умумий узунлиги қарийб 7 минг метр масофага тармоқ кабели тортилган. Жондорда 3 та, Олотда 2 та электр трансформатори янгидан ўрнатилган ва жами 19 та маҳалладаги худди шунча трансформатор қайта таъмирланиб, электр қуввати оширилган.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, соҳада амалга оширилаётган чора-тадбир самарасида электр энергияси беҳуда сарфини, исрофгарчиликларни бартараф этиш, энергия истеъмолини иқтисод қилишга ҳам алоҳида эътибор кучайтирилган. Шу нуқтаи назардан, вилоят миқёсида жорий йил апрелидан сентябрь ойига қадар иқтисод қилинган электр энергияси миқдори 131,9 миллион киловатт соатга тенг. Трансформатор ва тармоқларни таъмирлаш ҳисобига йўқотишларни қисқартириш миқдори 30,5 миллион киловатт соатга тенг бўлди. Замонавий илғор ва тежамкор технологияларни кенг қўллаш натижасида 74,2 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилинаётган бўлса, жойларда оммавий тус олаётган қуёш панелларини ўрнатиш ва гелеоколлекторларни ўрнатиш ҳисобидан 14,8 миллион киловатт соат электр энергияси тежаб қолинмоқда.
Корхоналарда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ишлаб чиқаришда жорий қилинаётган замонавий технологиялар халқимизнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш, энг муҳими, қиш ойларида кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолига бир маромда иссиқлик энергиясини етказиб бериш йўлида яна бир муҳим қадам бўлишига шубҳа йўқ. Зеро, соҳа ходимларининг олдига қўйилган бугунги долзарб вазифалар ҳам айнан шуни тақозо этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари