Президентимиз ташаббуси билан жойларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари алоҳида тоифаланган аҳоли қатлами билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Буни “Аёллар дафтари” ёки “Темир дафтар”га киритилган аҳолининг оғирини енгил қилиш, уларни ночор аҳволдан чиқариш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бухоро вилоятида ҳам мазкур йўналишдаги ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Жорий йилнинг ўтган 7 ойида вилоятда хотин-қизларнинг 9 минг 928 нафарига умумий қиймати 187 миллиард 500 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилган. Айтиш жоизки, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ўрганишлари ва тавсияномаси асосида моддий қўллаб-қувватлашга, кредитга бўлган талаб ошмоқда. Ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, банкнинг имтиёзли кредити билан моддий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Маҳалла мақомини ошириш, бизнес лойиҳаларни рўёбга чиқариш, ночор оилаларни қўллаб-қувватлашда ҳоким ёрдамчиларининг ўрни қандай?” мавзусида ўтказилган пресс-турда шулар ҳақида батафсил маълумот берилди. Журналистлар мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларга бевосита гувоҳ бўлди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Бухоро тумани “Шергирон” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Маликбек Чориев раҳбарлигида фаолият юритаётган “Selikopit” МЧЖ фаолияти билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган 80 нафар ишчи-мутахассиснинг аксарияти, яъни 70 нафарини шу ҳудуддаги аввал ишсиз ва даромадсиз бўлган хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг ҳар бири 1,5–2 миллион сўмдан маош олмоқда.
– Олдин бу корхона Работиқалмоқ маҳалласида мослаштирилган шароитдаги кичик цех эди, – дейди “Шергирон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Азизбек Шаропов. — Фаолиятини кенгайтиришга қарор қилган тадбиркорлик субъектига ўрганишларимиздан сўнг шу қишлоқда замонавий кўринишда бунёд қилинганига қарамасдан бўш ётган бинони арзон нархда ижара асосида ажратиб бердик.
– Бугунга келиб асосий ҳамкоримиз Россиянинг “Луна” МЧЖ буюртмаси асосида саёҳатчилар учун пишиқ палатка ва сумкалар тикиб, ойига 100 минг АҚШ доллари атрофидаги маҳсулот экспорт қилинмоқда, – дейди корхона раҳбари Маликбек Чориев. — Бу дегани, бир ойда ўртача 1 минг дона палатка ва 1 минг 300 дона сумка ишлаб чиқарсак, маҳсулотни юз фоиз чет элдаги ҳамкорларга етказмоқдамиз. Келгусида албатта, ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳаракатидамиз.
Тадбиркорликда ҳам синчковлик, миришкорлик жуда муҳим. Ромитан туманининг “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини Истиқлол қишлоғида Акмал Маҳмудов оддий кунгабоқар ҳосили писта ҳамда ерёнғоқни қадоқлаб сотишни йўлга қўйгани орқасидан бутун оиласини ишли ва даромадли қилган.
– Фаолият бошлаганига 8 йил бўлган “Алишер Дилсора” оилавий корхонасида бугунга келиб ўнга яқин киши меҳнат қилмоқда, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Азамат Камолов. – Соатига 150 килограмм маҳсулот, яъни пистани қадоқлаш имконияти яратилган. Тадбиркор ўтган йили шахсий жамғармаси ҳисобидан Туркиянинг “Pamukalle” русумли технологиясини олиб келиб ўрнатди. Иш самарадорлиги шунга ҳамоҳанг янада ошди. Зарур хом ашё маҳаллий туманлардан ташқари, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидан сотиб олинмоқда.
Айтиш мумкинки, айни кунда Ромитан тумани марказида қад ростлаётган кўнгилочар дам олиш маскани, гўё эртаклар оламини эслатиб юборувчи “Romitan saylgohi”нинг вилоятда бошқа муқобили мавжуд эмас. Туман марказидан 40 километр узоқликда, чўл бағрида мўъжиза мисоли замонавий андоза асосида қуриб ишга туширилган ва юртимизда довруқ таратаётган OAZIS сўлим оромгоҳидан кейин бу жой яна бир гавжум масканга айланиши шубҳасиз. Унда Франциянинг Париж, Австралиянинг Мельбурн, Буюк Британиянинг Лондон, АҚШнинг Лос-Анджелес каби шаҳарларидаги такрорланмас меъморий ечимга эга мўъжаз қурилмаларнинг ўзига хос “ансамбли” кишига ўзгача завқ бағишлайди.
– Мазкур лойиҳа учун туман маркази Ибн Сино маҳалласидан 31 сотих ер майдони ажратилди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Талъат Шоев. – Ҳар бир ўзига хос дизайндаги қурилиш иншооти жами 62 нафар ташаббускор тадбиркорга тақсимлаб берилган. Бу ерда 70 та дам олиш, кўнгилочар, аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бунёд қилинмоқда. “Узукка кўз қўйган” мисоли туман марказига кўрк бағишлаётган мажмуани ҳадемай, мамлакатимиз Мустақиллиги шодиёнаси кунларида фойдаланишга топшириш учун тайёргарлик кўряпмиз.
Умумий қиймати 15 миллиард 300 миллион сўмга лойиҳалаштирилган яхлит мажмуа болалар учун турли аттракционлар, бутик, савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларини ўз ичига олган бўлиб, бу маскан тадбиркорлик субъектларига 50 йилга ижара асосида расмийлаштириб берилмоқда. Муҳими, фойдаланишга топширилгач, бу ерда 200 дан ортиқ кишининг доимий бандлиги таъминланади.
Шунингдек, Пешку тумани “Валфажр”, Вобкент тумани “Анжирбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳоким ёрдамчилари Жамшид Холов ҳамда Баҳодир Саломовлар иш фаолияти пресс-тур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
“Валфажр” маҳалласида оилавий тадбиркор Дилфуза Ҳамдамова тўй-маъракалар учун аёллар кийим–кечагини тикиб тайёрлаш, уларга безак бериш фаолиятини йўлга қўйиши туфайли ўттизга яқин чеварни ўз уйидаги цехда, яна элликка яқин моҳир тикувчини шу атрофдаги Чоробод, Кўчкало, Хўжалар, Кўпанак каби қишлоқлардан касаначилик асосида иш билан таъминлаган. Цех эса “JACK” ва бошқа зарур тикув машинаси ва ускуналари билан жиҳозланган. Ишлаб чиқариш авжида, ишчиларнинг қўли-қўлига тегмайди.
[gallery-7948]
Анжирбоғ маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Баҳодир Саломов эса илгари “Ўзмиллийбанк” АЖ Вобкент филиали бошқарувчиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган молиячи. Иш бошлаган кунидан маҳалласидаги 2 минг 300 га яқин аҳоли, 510 та хонадон ва 656 та оилани ва улардаги ижтимоий муаммоларни ўрганди. 200 нафарга яқин ишсиз, яна 80 га яқин кам таъминланган хўжаликни оғир аҳволдан чиқариш чораларини кўриб келади. Бунинг учун унинг ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари билан бирга яқин ҳамкорлик қилаётгани қўл келмоқда.
– Лидер тадбиркоримиз Ашраф Мирзаев Оқработ қишлоғида “ASHMIR MILK INVEST” МЧЖ негизида сутни қайта ишлаш цехини ишга туширди, – дейди ҳоким ёрдамчиси Баҳодир Саломов. – 5 та оила аъзолари бандлигини таъминлади. Бунда қишлоқдаги 50 га яқин хонадондан сут йиғиб олинади. “ASHMIR” ёрлиғи остида қадоқланади. Бундан ташқари, яқиндан бошлаб цехда творог ва қаймоқ тайёрлаш ҳам йўлга қўйилгани ички қувватни ошириш имконини берди.
“Шофиркон пахта тозалаш заводи” МЧЖ ёнидан ажратилган 2,8 гектар майдоннинг 1 минг 300 метр квадрат алоҳида ер майдонида икки қаватли муҳташам корхона биноси қурилиши жорий йил бошидан лойиҳалаштирилган. Март ойидан қурилиши бошланган эди. Бу муҳташам иншоот – Туркия давлати технологияси асосида қурилган 120 метрга 108 метр ўлчамидаги катта цех замонавий тикув ускуна ва дастгоҳлари билан жиҳозланди.
Мазкур лойиҳа умумий қиймати 50 миллиард 700 миллион сўмга тенг бўлиб, шундан 25 миллиард сўм сармоя қурилишга ажратилди. Шунингдек, корхонада 14 миллиард 170 миллион сўм маблағ Япониянинг замонавий “JUKI” русумли тикув машинасидан 660 донадан ортиғини, яна зарур ускуна харид қилишга йўналтирилди. Фабрикада ҳар бирида 30 та тикув машинкасидан иборат 22 дона поток ишлаб чиқариш тикув линиялари йўлга қўйилмоқда. Жараёнда 10 миллиард 900 миллион сўм маблағ ишлаб чиқариш учун зарур ярим тайёр хом ашё – мато учун сарфланмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари ўтган ойда иш бошлаган “Amirtex” ёрлиғи остида “AZTEX” тикувчилик фабрикаси номини олган мазкур ишлаб чиқариш иншоотида бўлди. Қизғин жараён билан яқиндан танишишди. Йирик лойиҳада бевосита ҳудуддаги ҳоким ёрдамчисининг ўрни қандай деган саволга жавоб олинди.
– Корхона ишчи жамоасини шакллантириш, меҳнатга лаёқатли чеварларни саралашда кам таъминланган оилаларда ишсиз ва даромадсиз қолган хотин-қизлар салоҳияти алоҳида ўрганилди, – дейди Гулистон маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Зафар Умуров. —Улардан 50 нафардан ортиғи шу ерда фаолияти йўлга қўйилган вилоят мономаркази филиалида касб-ҳунар курсига жалб қилинди. Кейин ишга қабул қилинди. Ҳозир бу ишчиларимизга 2 миллион сўмгача ойлик маош тайинланган. Қолаверса, яна ўттиз нафар худди шу тоифадаги хотин-қизларимизни ўқишга жалб қилганмиз.
Ғиждувон тумани “Зарафшон” МФЙ марказида енгил сэндвич конструкциясидан “Ғиждувон чеварлари” МЧЖ қуриб, ишга туширилгани маҳаллий чевар хотин-қизлар учун ҳам қулай имконият бўлди. Жумладан, шу кунгача ишсиз уйда ўтирган Саломат Зикруллаева, Ирода Муродова, Маҳлиё Ҳалимовалар бу корхонага ишга қабул қилинди. Эндиликда улар 40 кишилик артель – ўзига хос гиламчилик цехининг чеварлари.
Вилоят марказидаги “Bukhara News Carpets” МЧЖ гиламчилик корхонаси филиали бўлган бу субъект таъсисчиси Бахтиёр Майдунхўжаевнинг билдиришича, Ғиждувон корхонаси учун туркиялик инвесторлар томонидан 600 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган. Бу субъектда ҳар ойда қўл меҳнати билан 60 тадан ортиқ турли ўлчамдаги жун гилам тўқилиб буюртмачиларга етказилмоқда.
Ишлаб чиқариш имкониятини ошириш ҳисобидан йил охиригача цех ишчилари сонини 100 нафарга етказиш кўзда тутилган. Бу эса “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Азиз Нутфуллоев зиммасига қўшимча масъулият юклайди. Негаки, қўлида ҳунари бўла туриб, айни пайтда ишсиз қолаётган хотин-қизларни бу корхонага жалб қилиш, уларни меҳнатига яраша даромад топиши учун шароит яратиш унинг бевосита вазифаси ҳамдир.
Шу куни оммавий ахборот воситалари ходимлари Ғиждувон тумани маркази – Абдухолиқ Ғиждувоний маҳалласидаги Ўзбекистон халқ устаси Алишер Нарзуллаев уй-музейи, кулолчилик устахонасида ҳам бўлишди. Халқ амалий санъатининг қадимий анъанасини ардоқлаб келаётган оилавий сулола фаолияти билан яқиндан танишилди. Бу ерда 20 сотихдан ортиқ майдонни эгаллаган ҳовли, унда табиий ва миллий анъаналар услубида кулоллар учун яратилган муҳит, таъбир жоиз бўлса, оддий гил тупроқдан санъат асари бунёд қилиш маҳоратига оид бир неча босқичли иш жараёни ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Балки шу боис миллий ҳунармандчилигимизнинг ёрқин намунаси бўлмиш бу даргоҳ меҳмонлар, хорижий сайёҳлар билан доимо гавжумдир.
Бу ерда машҳур халқ устасининг ўғли, кулоллар сулоласи вакили Олимжон Нарзуллаев меҳмонларга батафсил маълумот берди. Ишлаб чиқариш, ранг-бўёқ тайёрлаш цех ва ўчоқлари, қолаверса, бой тарихий ашёларига эга уй музейи, унда қадрли бўлган осори-атиқалар билан таништирди. Шунингдек, айни пайтда 2,5 мингдан ошиқ аҳоли, 457 та хонадон ва 583 та оиласига эга “А.Ғиждувоний” маҳалла фуқаролар йиғинида бораётган ўзгариш ва янгиланишлар, ободонлаштириш ва ижтимоий муаммолар ечими хусусида ҳоким ёрдамчиси Азизбек Ашуров томонидан амалга оширилаётган ишлар эътибордан четда қолмади.
Буларнинг барчаси Президентимиз томонидан амалга оширилган ислоҳотлар, хайрли ташаббусларнинг амалдаги ифодасидир.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА