Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти: инвестиция ва ташқи савдо масалалари муҳокама этилди
21:53 / 2022-02-01

Бухорода инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришнинг янги тизими муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов вилоят, туман ва шаҳарлар раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Тадбирда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари ҳамда видеоконференция орқали Навоий ва Сурхондарё вилоятлари туман ва шаҳарлари раҳбарлари қатнашди.

Учрашувда Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлари ҳам иштирок этди. Тадбирда ҳудудларда инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришнинг янги тизимини жорий этиш, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш механизмлари ва лойиҳаларни бошқаришнинг инновацион усуллари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар учун янги тизимнинг асосий жиҳатлари ва хусусиятларини очиб берувчи тақдимот ўтказилди. Шунингдек, тадбирда тизим имкониятларидан жойларда амалий фойдаланиш, вилоят, туман ва шаҳарларнинг иқтисодий салоҳиятини таҳлил қилиш усулларини қўллаш, маҳаллалар даражасида «ўсиш нуқталари» ни аниқлаш ва улар асосида сердаромадлик ва юқори технологик инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, инвесторларни жалб қилиш ва ишга туширилаётган корхоналар фаолиятини мониторинг қилиш бўйича тушунтириш берилди.

Ҳудудлардаги «Лойиҳа гуруҳлари» фаолиятининг тамойиллари ҳам тушунтирилди. Таъкидланишича, «Лойиҳа гуруҳлари» нинг мақсади инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тўлиқ қўллаб - қувватлаш ва уларнинг ташаббускорларини амалий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, тармоқлараро ва ички ҳамкорликни йўлга қўйиш ва саноат салоҳиятини юксалтиришдан иборат. Бу масалалар юқоридаги вилоятларнинг туман ва шаҳарлари мисолида кўриб чиқилди. Маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари янги механизмларни жорий этиш бўйича тажриба алмашди. Кўтарилган масалалар вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди. Уларни ечиш алгоритмларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини жадал тарзда таъминлаш топширилди.

Тадбиркорлар ва тижорат банклари ўртасидаги ўзаро муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди. Инвестиция лойиҳалари ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш борасида банк ходимларининг ишлаш тамойилларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий маблағ ажратиш билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш ва юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида хусусий сектор вакиллари билан яқиндан алоқа ўрнатиш топширилди.

Бухоро вилояти мисолида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шаҳар ва туманларда инвестиция лойиҳалари амалиёти, экспорт салоҳиятини ошириш, ҳар бир маҳаллада ишлаб чиқариш цехлари, кичик корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтиришдек долзарб масалалар ечими атрофлича таҳлил қилинди.

Бухоро вилоятида инвестиция лойиҳаларини илгари суришнинг янги механизмини жорий этиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали инвестиция муҳитини яхшилаш, инвестиция фаолияти юзасидан ҳудудлар рейтингини йўлга қўйиш, тадбиркорларнинг тизимли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича онлайн платформани ишга тушириш, Жаҳон банки билан биргаликда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Зеро, бу борада мамлакатимиз раҳбари томонидан уқтирилганидек, Стратегик ривожланиш агентлиги ҳудудларда инвестиция ҳажмини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга замин яратади. Шу боис, ҳудуд ва тармоқларни стратегик ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиш, бунга хориждан малакали мутахассис ва маслаҳатчиларни ҳам жалб қилиш зарур.

Соҳада олиб борилаётган умумий фаолият, инвестицияларни жалб этиш ва амалга оширишда янги тизим муҳокамаси Когон ва Пешку туманлари мисолида манзилли ўрганилди. Бу бўйича Когон тумани ҳокими ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Алишер Ҳайдаровнинг ҳисоботи тингланди. Таъкидланишича, қурилиш моллари, текстиль ва тўқимачилик саноати ишлаб чиқариш тармоғи ривожланиб бораётган ҳудудда чорвачилик, буғдойни қайта ишлаш лойиҳалари кенгайтирилмоқда. 2021 йилда 335 миллиард сўм қийматида қурилиш моллари айирбошланган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари товар айланмаси 202 миллиард сўмдан оширилган. Айни кунда ҳудудда бўшаб қолган ва фойдаланилмаётган 246 та иншоотда тадбиркорлар бизнес лойиҳаларига мувофиқ корхоналар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, кам қувватли 18 та ишлаб чиқариш объектини молиявий қўллаб-қувватлаш, экспортга маҳсулот чиқараётган текстиль корхоналари сонини 6 тадан 10 тага етказиш ва Хитой ва Италия технологияси асосида матони бўяш ускуналари билан таъминлаш, ҳудудда фаолият юритаётган ўндан ортиқ темир-бетон ишлаб чиқариш корхонаси ишини ривожлантириш ва хом ашё таъминотини барқарорлаштириш, бундан ташқари, аҳоли, айниқса, ёшлар талаб ва эҳтиёжларини ўрганган ҳолда туманда замонавий ахборот технологияларини ўзлаштиришга ихтисослаштирилган IT парк фаолиятини йўлга қўйиш саъй-ҳаракати бошланган. Қўшимча ажратилаётган 200 гектар ер майдонида эса енгил саноат–тўқимачилик билан машғул корхоналар учун «хом ашёдан тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида кийим-кечак тикиб тайёрлаш цехларини очиш кўзда тутилган.

Когон тумани ҳудудий дастурига мувофиқ, жорий йилда 61 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобидан 29 миллион АҚШ долларига тенг сармоя ўзлаштирилади. 300 дан ортиқ маҳаллий аҳоли вакили иш билан таъминланади. Бундан дастлабки чоракда 7 та лойиҳани амалга оширишга киришилган. Биргина шу йил январь ойида 1 миллион 200 минг АҚШ долларига тенг қийматда маҳсулот экспорт қилинган бўлса, тумандаги жами 38 та экспортчи корхона томонидан бу кўрсаткич ўтган йил давомида 17 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Жорий йил якунигача экспорт ҳажмини туманда 27 миллион АҚШ долларига етказиш имконияти яратилмоқда. Ўтган йили амалга оширилган 48 та лойиҳа туфайли ҳудудда 1 минг 200 дан ортиқ когонлик ёшнинг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Баҳриддин Валиев сўзга чиқиб, инвестицияларни жалб этиш ва амалга оширишда жорий этилаётган янги тизим мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, бу борада қонунчилик талабига қатъий амал қилган ҳолда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ваколат доирасида турли сабабларга кўра фаолияти тўхтаб қолган корхоналарни «жонлантириш» – тиклаш, улардаги минглаб ишчи моддий манфаатдорлигини таъминлаш, давлат идораларида учраб турган эскича қарашлар, тадбиркор ишига асоссиз аралашувлар ҳамда коррупция ҳолатларига барҳам бериш борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилиш якунида вазирликнинг ҳудудлардаги туман ва шаҳар бўлинмалари ходимлари маҳаллий тадбиркорлар билан ишлаш давомида орттирилган кўникмалардан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча кўрсатмалар олди.

Зариф Комилов, ЎзА