Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти: бюджет умумий харажатларининг 62 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилади
10:12 / 2023-01-02

Бу ҳақида Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг сессиясида вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Адилов маълум қилди.

Вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқарган сессия ишида тегишли вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Сессияда Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг 2022 йилдаги ижроси ҳамда 2023 йилга мўлжалланган лойиҳалари тўғрисида вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Адиловнинг назарда тутилган харажатлар ҳақида йўналишлар ва соҳалар кесимида маълумот берилди.

Таъкидланишича, жорий йил якунларига кўра, вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 3 триллион 398 миллиард сўмни ташкил этиши ва барча ҳудудлар бўйича прогноз кўрсаткичлар ижроси 117 фоизга бажарилиши кутилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда қўшимча манбалар ҳисобидан йўналтирилган ва республика бюджетидан ажратилган мақсадли маблағларни ҳисобга олиб, вилоят маҳаллий бюджетидан жами 5 триллион 397 миллиард сўмга харажатлар амалга оширилади. Шундан, ижтимоий харажатлар 54 фоизни ёки 2 триллион 835 миллиард сўмни ташкил этади.

Маълумки, 2023 йилдан бюджет-солиқ сиёсатига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш борасида қўшилган қиймат солиғининг амалдаги ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди. Бу солиқ сиёсатидаги тарихий муҳим ўзгаришдир. Солиқ ставкасининг 3 фоизга пасайтирилиши натижасида вилоятда тадбиркорлар ихтиёрида қарийб 200 миллиард сўм айланма маблағ қолиши кутилмоқда.

Айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 14 та фаолият тури бўйича 4 фоиздан 25 фоизгача белгиланган ставкалар унификация қилиниб, ягона 4 фоиз этиб белгиланмоқда. Шу билан бирга, товар айланмаси 500 миллион сўмгача бўлган тадбиркорлар учун йилига 20 миллион сўм, айланмаси 500 миллион сўмдан юқори бўлганлар учун 30 миллион сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи берилмоқда. Ўз навбатида ушбу солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобини юритишдан озод этилади.

Шунингдек, бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилда асосий қуйидаги солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилди. Жумладан, фойда солиғи 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз миқдорида сақлаб қолинади. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет даромадларини мустаҳкамлаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, cув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер солиғининг базавий ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинади.

Умуман, солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар ва қўлланадиган коэффицентларни инобатга олган ҳолда, 2023 йилда вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 3 триллион 817 миллиард сўм, харажатлари эса 4 триллион 463 миллиард сўм миқдорида прогноз қилинмоқда.

Вилоят бюджети умумий харажатларининг 62 фоизи ёки 2 триллион 779 миллиард сўми ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадларига йўналтириш режалаштирилган.

Келгуси йилда иқтисодиёт харажатларига эса 665,5 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилмоқда.

Сессия ишида депутатлар томонидан бир қатор саволлар ва таклифлар ўртага ташланди. Шунга кўра, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Бухоро вилоятининг 2023 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги тегишли қарори қабул қилинди.

Зариф Комилов, ЎзА