French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро ва Навоийда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони ошган
12:12 / 2023-06-02

Мамлакатимизда инвестицияларни жалб қилиш, инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки инвестиция мамлакат иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи, тараққиётини таъминловчи муҳим капитал ҳисобланади. Кейинги йилларда инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали кафолатли ҳимоя қилиш, хорижий инвесторлар учун зарур шарт-шароитлар, қулайликлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизга сармоя киритиш истагида бўлган чет эллик сармоядорлар кўпаймоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг чет эл инвестициялари билан боғлиқ моддалари ижросини назорат-таҳлил тартибида Бухоро ва Навоий вилоятлари мисолида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.  

Йиғилишни қўмита раиси Дилором Файзиева кириш сўзи билан очар экан, давлатимизнинг инвестициявий сиёсати борасида тўхталиб, инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳам хорижий инвестицияларни янада кенгроқ жалб қилиш учун барча имкониятлар мавжудлигини қайд этди.  

Таъкидланганидек, ушбу ҳудудларда корхоналарнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати ортиши ҳисобига янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш билан бирга, хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта эътибор қаратиляпти. Хусусан, Бухоро вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 2021 йилда 272,9 миллион долларни, 2022 йилда эса 317,1 миллион долларни ташкил этган. Бугун вилоятда 324 та хорижий ва қўшма корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 158 таси сўнгги уч йилда ташкил этилган.  

Навоий вилоятида эса 297 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият юритаётган бўлиб, охирги икки йилда улар сони 1,3 баробарга ошган. Хусусан, 2021-2022 йилларда вилоятга жами 428,7 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб этилган. Уларнинг салмоқли улуши эса Германия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Австрия, Россия ва бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Хорижий инвестициялар асосан қурилиш материаллари, кимё, машинасозлик ва эҳтиёт қисмлари саноати, текстил ва тўқимачилик саноати каби соҳаларда йўналтирилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар Бухоро ва Навоий вилоятларида чет эл инвестицияларини жалб қилиш борасида аниқланган муаммоларга ҳам эътибор қаратдилар. Инвестицияларни жалб қилиш ва тўғри йўналтириш ҳудуд ривожи, аҳоли учун янги иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамият касб этиши, шу боис ушбу йўналишдаги ишларга жиддий ёндашиш зарурлиги қайд этилди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА