Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро ва Хоразм вилоятларида дарахтзор ва бутазорлар барпо этиш ишлари ўрганилди
23:01 / 2021-09-17

Мамлакатимизда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзор ва бутазорлар барпо этиш, “яшил белбоғлар” яратиш, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш, экологик ҳолатни соғломлаштириш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Ҳудудларда яшил ҳудудлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.  Ўзбекистон Республикасининг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган  давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзор ва бутазорлар барпо этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини Бухоро ва Хоразм вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама этилди.

Назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, ҳар иккала вилоятда мазкур йўналишда муайян чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, Хоразм вилоятида 10 километр масофада “яшил белбоғ” ҳимоя дарахтзорлари барпо этилган. Шунингдек, умумий қиймати 797 миллион сўмлик лойиҳа асосида Урганч шаҳар атрофида 3100 метр масофада 2800 туп, Хива шаҳри атрофида 7600 метр масофада 7700 туп кўчатлар ҳимоя дарахтзорлари лойиҳаси асосида агротехник қоидаларга амал қилинган ҳолда экилган.

Йиғилишда таъкидланганидек, Бухоро вилоятида ҳам соҳада қабул қилинган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, Бухоро шаҳри атрофида 849 миллион сўмлик лойиҳа бўйича эни тўрт қатор бўлган 10 километр масофада “яшил белбоғ” барпо этилган. Ушбу ҳудудда 14 минг 880 туп манзарали дарахт кўчатлари экилган.

Ҳар иккала вилоятда “яшил белбоғ” барпо қилинган ҳудудлар ер эгаларига топширилган. Дарахтзорларга шикаст етказиш, уларни пайҳон қилишдан сақлаш мақсадида тегишли ҳудуд маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ва участка нозирларига бириктирилган. Улар томонидан аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган.

Назорат-таҳлил тадбирида ушбу фаолиятда эришилган натижалар билан бирга қатор муаммо ва камчиликлар борлиги аниқланди Жумладан, ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан “яшил белбоғлар”ни барпо этиш методологияси ҳамда маҳаллий хокимият органлари томонидан эса “яшил белбоғ”ларни яқин ва узоқ муддатларга ривожлантириш истиқболли режалари ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, “яшил белбоғлар” учун ер майдонлари танлашда ҳудудларни ривожлантиришнинг бош режаси ҳисобга олинмаган. Бунда барпо этилаётган айрим “яшил белбоғ” ҳудудлари келгусида инфратузилма объектлари ҳудудига тушиб қолиш хавфига эга. Шу билан бирга, “яшил белбоғлар”ни яратишда экиладиган дарахтларни танлашда тегишли илмий-тадқиқот институтларининг хулосалари олинмаган.

Йиғилишда депутатлар тегишли давлат органларига йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзор ва бутазорлар барпо этиш, “яшил белбоғлар”ни ривожлантириш борасида қатор таклиф ва тавсияларини берди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА