Маданий мерос объектлари ва иншоотларини асраб-авайлаш, Бухоро тарихий маркази ҳудудидаги қадимий, маданий аҳамиятга эга ҳудудлар ҳамда объектларнинг ўзига хослигини сақлаган ҳолда реставрация ва реконструкция қилиш, шунингдек, архитектура, қиёсий ва ижтимоий тадқиқотлар асосида уларни шаҳар инфратузилмасига интеграциялаш мақсадида Бухоро тарихий марказининг мастер ва менежмент лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Мастер ва менежмент лойиҳасини Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш бўйича Франциянинг “Wilmotte & Associes SAS d’Architecture” халқаро архитектура гуруҳи билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнлари бошланган. 21 нафар хорижий мутахассислардан иборат гуруҳ Бухоро шаҳрида ўрганиш, зарур маълумот ва материалларни жамлаш ишларини амалга оширмоқда.
–Бу гуруҳ Бухородаги маданий мерос, туризм, қурилиш, кадастр, геология, коммуникация, ҳунармандчилик, архитектура, автомобиль йўллари, темир йўл ва ҳаво йўллари, иқтисодиёт ҳамда транспорт хизмати каби ташкилотларнинг мутасадди раҳбарлари ва мутахассислари билан очиқ мулоқотлар олиб борди, –дейди Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шоҳаббос Шарофиддинов. –Уларнинг фаолияти билан танишди. Шунингдек, вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан уларга Бухоро шаҳридаги барча маданий мерос объектлари, архитектура ёдгорликлари, қадимий уй-жойлар ҳамда аҳоли яшаш хонадонлари билан танишиш ва ўрганиш жараёнларини ташкил этишда яқиндан кўмак берилмоқда.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида Бухоро шаҳрига доир умумий, статистик ва шаҳарсозлик маълумотларини таҳлилий ўрганиш, шаҳар инфратузилмасини техник кўриб чиқиш ҳамда тўпланган маълумотларни қиёсий таҳлил қилиш режалаштирилган.
Мазкур ишлар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда ташкиллаштирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири