Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро тарихи дунё олимлари талқинида
09:58 / 2022-06-16

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди.

Унда Марказнинг халқаро стипендия совриндорлари ва илмий ходимлари, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (OIC)нинг Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) вакиллари, Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти ва Самарқанд давлат университети олимлари, юртимизнинг қатор илмий муассасалари, шунингдек, Хитой ҳамда Қозоғистон давлатлари тадқиқотчилари иштирок этди. 

Семинарда Париж-Сорбонна-Пантеон университети доктори Рокко Рантенинг “Илк Ислом давридаги Бухорога оид тадқиқотлар” мавзусидаги маърузаси тингланди. Олим маърузасининг асосий қисми Бухоро воҳаси тарихини янги археологик кашфиётлар асосида ўрганиш асосларини ҳамда Ислом даврида кузатилган асосий хусусиятларни очиқлашга бағишланди. 

Доктор Рокко Рантенинг мазкур изланишлари Франция музейларини тадқиқ қилиш ва тиклаш маркази томонидан олиб борилган археологик қазишмалар ва ўтказилган тадқиқотлар натижасида олинган геоморфологик ва этноархеологик маълумотлар, шунингдек, керамика ва шишани ўрганиш орқали ўтказилган археометрик таҳлиллар каби кўп миқёсли ёндошувларга асосланган. Маърузада шунингдек, карвон йўлларининг шаклланиши, аҳолининг ўтроқлашуви ва ерларнинг ўзлаштирилиши натижасида турар-жой манзилларининг пайдо бўлиши, кейинчалик урбанизация туфайли шаҳарларнинг вужудга келиши тарихи ҳақида кўргазмали маълумотлар берилди. 

Олим воҳа тарихининг Ислом даврига оид қисмида босқичма-босқич маданий ўзгаришлар рўй берганини алоҳида таъкидлаб, мавжуд шаҳарсозлик анъаналари такомиллашиб, мустаҳкам қўрғон ва қалъалар қурилиши бошланиши, янги шаҳарлар бунёд этилиб, деворлар билан ўралиши шу даврга тўғри келишини қайд этди. Маъруза давомида воҳа тарихига оид археологик топилмалар суратлари ҳам намойиш этилиб, уларнинг айни пайтда сақланиши борасидаги қимматли маълумотлар тақдим этилди. 

Маърузачи семинар иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларига илмий асосланган жавоблар қайтарди. 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА