Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро қўл жанги бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда
20:38 / 2022-05-19

Жорий йилнинг 19-22 май кунлари Бухоро шаҳрида илк бор қўл жанги бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

19 май куни Бухоро шаҳридаги “Said Zarafshon” меҳмонхонасида жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов, Халқаро қўл жанги федерацияси ҳакамлар кенгаши раиси Игорь Куфтин, Ўзбекистон қўл жанги федерацияси раиси ўринбосарлари Бахтиёр Соатов ҳамда Бахтиёр Мирзақулов, Бухоро вилояти қўл жанги федерацияси раиси Музаффар Ражабов ва бошқа спорт мутасаддлари иштирок этди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, дунё биринчилигида сайёрамизнинг 30 га яқин мамлакатидан 400 нафарга яқин спортчи иштирок этади. Мусобақаларда ўсмирлар 9 та вазн тоифасида, ёшлар 8 та вазнда, қизлар эса 6 вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб боради.

Мусобақа давомида ташкилотчилар томонидан иштирокчилар учун кўҳна Бухоро шаҳрининг тарихий обидаларига саёҳат ташкил этилиши режалаштирилган.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон қўл жанги федерацияси якка курашчилари сўнгги бир неча йиллардан буён катталар, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари орасида кучлилар қаторидан ўрин эгаллаб келмоқда. Жумладан, 2021 йилнинг 4-6 июнь кунлари пойтахтимизда ташкил этилган жаҳон чемпионатида Россия, Қозоғистон терма жамоаларини ортда қолдирган вакилларимиз умумжамоада биринчи ўринни эгаллаганди. 2019 йил Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида эса терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўриндан жой олганди.

Анжуман давомида мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Шунингдек, иштирокчилар чемпионат дастури билан таништирилди. Унга кўра, эртага 20 май куни мандат комиссиясининг йиғилиши ўтказилса, 21-22 май кунлари белгиланган вазнларда кучлилар сараланади.

Т.РЎЗИЕВ, ЎзА