"Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ташаббуси билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи — “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик саноат корхонаси ҳисобланади. Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида жойлашган. Заводни барпо этиш ишлари 1993 йилда бошланган. 1997 йилнинг 22 августида қурилиш ишлари якунланиб, ишга тушган.
Завод қурилишини молиявий жиҳатдан таъминлаш ва қурилиш жараёнида хорижий мамлакатларнинг кўпгина банклари, компаниялари ва фирмалари иштирок этган. «Чейз Манхеттен» (Америка), «Креди Коммерсиаль де Франс», «Париба» (Франция), Япония ва АҚШнинг экспортимпорт банклари молиявий кўмагидан фойдаланилган.
Лойиҳанинг технологик қисмини амалга ошириш учун Франциянинг «Течнип» фирмаси, Япониянинг «Марубени» ва «ЖеГиСи» компаниялари иштирокида консорциум ташкил этилган. Қурилиш монтаж ишлари Туркиянинг «Гама» компанияси ва ўзбекистонлик қурувчилар томонидан бажарилган. Заводда турли нефть маҳсулотлари — юқори октанли бензин (AИ 91, 92, 95, 80), дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, суюлтирилган нефть газлари (бутан, техник пропан, пропанбутан, олтингугурт), “ЖЕТ A-1” авиация ёқилғиси, “ЭКО Л” (ёзги), “ЭКО З”(қишки) дизель ёқилғиси, “Евро К4” ва “К5” дизел ёқилғиси, “М100” ва “М40” русумли ўчоқ мойлари, пиролизли газолин, пропан совутгичи, суюлтирилган газ, “С4-135 / 220” углеводород эритгичи ва техник олтингугурт ишлаб чиқарилади.
2006 – 2008 йилларда ишлаб чиқарилган дизель ёқилғиси сифат кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида ёзги ва қишки турдаги экологик хавфсиз “ЭКО” дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилди.
2007 – 2009 йилларда ишлаб чиқаришга янги маҳсулотларни – “Боинг” ва “Aэробус” ҳаво лайнерлари учун стандарт ёқилғи бўлган “Жет A-1” газ турбинали двигателлар учун авиация ёқилғисини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Шу мақсадда завод устахоналарининг технологик инфратузилмаси модернизация қилинди. Янги турдаги авиация ёқилғисини сақлаш учун сиғимлар тайёрланди. Уларнинг ички юзасига махсус қоплама сурилди. Завод таҳлилхонаси замонавий лаборатория ускуналари ва халқаро стандартларга мувофиқлигини текшириш учун асбоблар билан жиҳозланган.
“DEF STAN 91-91” стандарти асосида «Ўзстандарт» агентлигида “Oʻz DSt 1117: 2007” давлат стандарти “Жет A-1” газ турбинали двигателлар учун авиация ёқилғиси “Техник шартлар” Ўзбекистоннинг давлат стандарти ишлаб чиқилди ва рўйхатга олинди.
Етакчи тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда “Бухоро НҚИЗ”да “Жет A-1” авиация ёқилғисини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича изланишлар олиб борилди. 2009 йил август ойидан буён амалга оширилган ишлар натижасида “Бухоро НҚИЗ” “Жет A-1” авиация ёқилғисини саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Маҳсулот “Uzbekistan Airways” AЖ, “Uzbekistan airports” AЖ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги каби истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.
[gallery-2265]
Тайёр маҳсулотни маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2008 йилдан бери бўёқ ва лаклар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган муҳим таркибий қисм бўлган “C4-135 / 220” маркали углеводород эритгичи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2011 йилда заводга кирадиган углеводород хом-ашёсини тўкиб олиш жараёнини тезлаштиришга имкон берадиган янги темир йўл эстакадаси фойдаланишга топширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан заводда сифатли ва экологик тоза дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришни босқичма-босқич модернизация ва реконструкция қилишни ўз ичига олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Заводда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотлари(бензин ва дизел ёқилғиси)нинг сифати “Евро-2” стандарти талабларига жавоб берар эди. Ҳозирги вақтда фойдаланилаётган катализатор жаҳон стандартларига мослаштириш учун алмаштирилди.
Карантин туфайли Франциянинг “Axens” компанияси мутахассислари газойлни тозалаш қурилмаси катализаторини алмаштиришда иштирок эта олмади. Завод ва компания мутахассислари 13Р01 технологик позициядаги реакторида янги каталитик тизимни “Axens” схемаси бўйича завод мутахассислари билан онлайн тарзда ўрнатди. Натижада, 2020 йил 30 мартда Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Евро-4” ва “Евро-5” синфларининг экологик тоза ва сифатли дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маҳсулотлар – “Евро-4” ва “Евро-5” дизел ёқилғиси учун мувофиқлик сертификати олинди.
Заводни модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Жанубий Кореянинг “SK Engineering & Construction” компанияси ўртасида “Бухоро НҚИЗ”ни модернизация қилиш бўйича асосий лойиҳа (FEED)ни ишлаб чиқишни кўзда тутувчи муҳандислик хизматларини кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланди. Модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси мавжуд қувватларни қайта ишлаш чуқурлигини 79 фоиздан 95 фоизгача, оч тусли нефть маҳсулотларининг рентабеллигини 77 фоиздан 91 фоизгача ошириш ва Евро-5 стандарти талабларига жавоб берадиган нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган. Заводда "Uzbekistan GTL"нинг синтетик керосин компонентларини ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали фаолиятни кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“GTL” керосинини қабул қилиш, сақлаш ва аралаштириш учун муҳандислик коммуникациялари, насос станцияси реконструкцияси, қўшимча қуйиш-тўкиш эстакадаси билан бирга 2 дона 5000 м3 сиғимли қурилиш кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар заводда сиғимлар паркини кенгайтириш бўйича лойиҳани амалга ошириш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Корхонанинг қурилиш майдончасида ВПС (Вертикаль пўлат сиғим) таглиги ва пойдевори учун чуқур тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Барча ишлар хавфсизлик техникаси талаблари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари заводнинг ҳар бир цехида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Иштирокчилар синов тариқасида заводдаги газ сизиб чиқиши пайтида ўт ўчириш хизматининг синов машғулотида ҳам қатнашди.
Соҳа мутахассислари томонидан журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА