Бухоро марказий деҳқон бозорида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди. Унда вилоятда фаолият юритаётган журналистлар, блогерлар ҳамда соҳанинг турли йўналишдаги мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда бозор раҳбарияти томонидан 2024 йил якунлари ва 2025 йилнинг дастлабки беш ойи давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда режалар ҳақида батафсил ахборот берилди. Шунингдек, журналист ва блогерлар саволларига асосли жавоблар берилди.
“Бухоро марказий деҳқон бозори” АЖ Бухоро вилоят ҳокимининг 2007 йил 9 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ 11,44 гектар ер майдонида фаолият юритиб келади. Устав капиталининг 79,24 фоизи Бухоро шаҳар ҳокимлигига, 20,76 фоизи эса эркин савдо субъектларига тегишли. Жами павильондаги расталар 962 та, турғун савдо шохобчалари сони эса 780 тани ташкил этади.
[gallery-23502]
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда бозор ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Жумладан, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, тижорат жойларида соя-салқин устунлар қурилиши бўйича лойиҳа амалга оширилди. Асфальт қопламалари янгиланиб, ҳаракат хавфсизлиги таъминланди. Сотувчилар учун қулайлик яратиш билан бирга, харидорлар учун ҳам муносиб шароит ҳозирлаш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи расталар санитария ва сифат талаблари асосида қайта ташкил этилди.
– 2024 йил якунларига кўра, жами даромад 14,1 миллиард сўмни ташкил этди. Соф фойда миқдори 382,2 миллион сўмга етди. Бу кўрсаткичлар бозорда амалга оширилаётган ислоҳотлар, самарали бошқарув ва тадбиркорлар учун яратилаётган қулай муҳит натижасидир. Бундай очиқ мулоқот жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиб бориш, танқид ва таклифларга очиқ бўлишни мақсад қилганмиз, – дейди “Бухоро марказий деҳқон бозори” АЖ директори М.Раджабов.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари, жамоатчилик ва мутахассислар мавжуд шароитлар ва амалга оширилаётган лойиҳаларга ижобий баҳо берди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.