Бухоро делегацияси расмий ташриф билан АҚШда бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик. Ташриф якунида Бухоро делегацияси аъзолари Нью-Йоркдаги “Mahalla USA community center” да Америкадаги ўзбеклар, ватандошларимиз билан учрашди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
“Mahalla USA community" center” АҚШда яшаб келаётган ўзбекларга кўмак бериш мақсадида ташкил этилган. Қолаверса, бу ерда ўзбек миллий байрамлари, маросим ва тадбирлари ўтказилади.

Маълумки, АҚШда бугунги кунда 300 мингдан ортиқ ватандошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти ёшлар. Нью-Йоркдаги “Mahalla USA community center” юртдошларимизнинг ўз миллий қадрият ва анъаналарини ёдда тутиши, ўзбек диаспораси учун Ватаннинг бир бўлаги сифатида хизмат қилади. Қолаверса, бу ерда, ўзбек санъати, мусиқа, рақс, шеърият рассомчиликни ёшларимизга ўргатиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

АҚШнинг 13 та штатида ўзбек диаспораларини бирлаштирган бу каби маҳаллалар мавжуд. Нью-Йоркдаги “Mahalla USA community center” уларнинг асосий маҳалласи ҳисобланади. Нью-Йоркда ватандошларимизни бирлаштиришда “Mahalla USA community center” президенти, “Туризм фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Абдумалик Аҳмедовнинг ҳиссаси катта.

Учрашувда Бухоронинг туристик салоҳияти тақдимоти ҳам ўтказилди.
–Маълум бўлишича, Нью-Йоркда истиқомат қилувчи ўзбекларнинг аксарияти Бухородаги “Етти Пир” зиёратгоҳларида бўлмаган, зиёратгоҳлардаги шарт-шароитлар ва зиёрат амаллари билан танишмаган, – дейди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Хуршид Назиров.

– Қолаверса, Хива ва Самарқанд шаҳарларини ҳам кўрмаган ўзбек ватандошларимиз бор экан. Сафаримиз чоғида АҚШдаги ўзбек диаспораси билан учрашишни ҳам ўзимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳаси иқтисодиётимизнинг янада ривожланиши учун асосий драйвер соҳалардан бири бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

–Ҳар бир бу ердаги ватандошимиз битта америкаликка Ўзбекистонни тарғиб қилса, Ўзбекистон туризм соҳасига катта ҳисса қўшган ва ўз юртининг иқтисодий кўрсаткичларини янада кўтаришга кўмаклашган бўлади, – деди Бухоро вилояти Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сухроб Бобокалонов. – Биз бу ердаги барча ватандошларимизни Ўзбекистонга таклиф қилдик.
Учрашувимиз самарали бўлди. Бир гуруҳ америкалик ватандошларимиз жорий йилнинг август ойида Бухорога, “Етти Пир”даги муқаддас қадамжоларимизни зиёрат қилишга ташриф буюрадиган бўлди. Бу ҳам бир кичик ютуғимиз, десам муболаға бўлмайди.
Зариф Комилов, ЎзА