Бухоро давлат университети Times Higher Education агентлигининг “Impact Rankings 2025” рейтингида дунёнинг энг нуфузли 800 та университети рўйхатидан жой олди.
Ўтган йили 1001–1500 оралиғида қайд этилган Бухоро давлат университети жорий йилда 66.7 балл билан 601–800 ўринга кўтарилди. Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида 7-ўринни, Бухоро вилояти олий таълим муассасалари орасида 1-ўринни эгаллади.

Ушбу натижага эришишда университет томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDG) доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар муҳим роль ўйнади. Яъни белгиланган чора-тадбирлар натижасида SDG 4 – Сифатли таълим (Quality Education), дунё бўйича 301–400-ўрин, Ўзбекистон бўйича 6-ўрин. SDG 6 – Тоза сув ва санитария (Clean Water and Sanitation) дунё бўйича 93-ўрин, Ўзбекистон бўйича 2-ўрин. SDG 7 – Тоза ва арзон энергия (Affordable and Clean Energy), дунё бўйича 58-ўрин, Ўзбекистон бўйича 2-ўрин, SDG 17 – Ҳамкорликлар орқали мақсадларга эришиш (Partnerships for the Goals), дунё бўйича 801–1000-ўрин, Ўзбекистон бўйича 14-ўринда бормоқда.
2025 йилги THE Impact рейтингида дунёнинг 2389 та университетининг фаолияти таҳлил қилинган. Рейтинг мезонлари қаторига БМТнинг 17 та барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари, таълим дастурларига, БРМларнинг интеграцияси, жамият билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар, экологик ва ижтимоий ташаббуслар, ҳамда глобал ҳамкорлик салоҳияти киради.
Бухоро давлат университетининг мазкур рейтингда юқори ўрин эгаллаши университетнинг илмий салоҳияти, ижтимоий масъулияти ва атроф-муҳитга бўлган эътиборининг амалий исботи ҳисобланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.