French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро дарвозалари ҳамиша очиқ
14:54 / 2025-11-26

Бухорода уч ой давом этган Халқаро санъат ва маданият биенналеси гўзал суҳбатлар, учрашувлар ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.

Бухоро аввалдан туризм бўйича юқори кўрсаткичларга эришган. Шаҳарга 2 250 000 дан ортиқ хорижий туристлар ҳамда тўрт миллиондан зиёд маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. Биенналени ўтказилиши эса бу оқимни янада кучайтириб, Бухорони дунё санъат ихлосмандлари учун муҳим марказга айлантирди.

Тадбирга 1 600 000 га яқин меҳмон ташриф буюрди. Шундан 770 000 нафари хорижий сайёҳлар бўлиб, бу рақамлар биенналенинг халқаро миқёсда катта қизиқиш билан кутиб олинганини кўрсатди. Биеннале нафақат маданий платформа, балки улкан иқтисодий имконият бўлди. Хорижий сайёҳлар орқали туризм хизматлари экспорти қарийб 210 миллион АҚШ долларига етди.

Биеннале Бухорони глобал маданият харитасида янада ёрқинроқ намоён этди. Тадбир давомида сайёҳлардан бир ойда 155 миллион АҚШ долларидан зиёд тушим кузатилди. Бир ой вақт оралиғида қадим шаҳарга жами 1 миллион 224,2 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўп эканини кўрсатмоқда.

– Ҳар йилгига нисбатан ҳам маҳаллий, ҳам хорижий сайёҳлар сони қарийб 1,5-2 бараварга ошганлигини кўриш мумкин, – дейди Бухоро вилояти туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Бобир Тўқсанов. – 2025 йилнинг ўтган 9 ой давомида 1 миллион 900 минг нафар хорижий сайёҳлар ташрифи ва 3 миллион 800 нафарга яқин маҳаллий сайёҳлар оқими кузатилди. Бу ўз-ўзидан Бухорода, умуман Ўзбекистонда давлат раҳбарининг ташаббуси билан туризм соҳасидаги шарт-шароитлар, сайёҳларга яратиб бералиётган инфратузилма объектлари, меҳмонхоналар, уларда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашдан далолат беради. 

Ҳудуддаги меҳмонхоналарнинг бандлик даражаси ҳам 84 фоиздан 92 фоизгача ошган. Шу билан бирга, сайёҳларнинг Бухорода қолиш муддати ўртача 1,5 кунга узайгани кузатилди. Нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё тарихида илк бор ўтказилган Бухоро биенналеси тарих ва замонавий санъат, ҳунармандчилик ва гастрономияни уйғунлаштирган кўп қиррали йирик маданий ташаббус сифатида баҳоланди.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил қилинган кўргазмалар қадим обидаларга ўзгача руҳ бағишлади. Ёруғлик, овоз, интерактив технологиялар ва турфа объектлар асосида яратилган асарлар томошабинни ҳайратга солди. 

Бир майдонда концерт садолари янграса, бошқасида рассомлар асарлари кўзни қувнатади, яна бир ерда ижодкорларнинг маҳорат дарслари ўтказилди. Биенналеда бир неча асрлик тарихга эга бўлган китобот ва Абрў санъати тарғиботига ҳам кенг ўрин берилди.

– Бу маҳорат дарслари нафақат бизнинг сайёҳларимизга, мана шу инсталляцияларни кўришга келаётган томошабинларда ҳам жуда бир қизиқиш уйғотди. Нима учун ранглар чўкмасдан ўз шаклини сақлаб қолади. Рангларнинг уйғунлигини қандай қилиб чизяпсиз деган саволлар кўп. Уларга мана шу нарсани табиийлигини кўрсатиб бериш, услуб осонлигини ҳис этиш учун ҳар бир инсон мана шу ўз руҳиятидан келиб чиққан ҳолда сувга чизар экан бу нарса ҳеч қачон такрорланмайди. Бу инсонни руҳий жиҳатдан босиқликка чорлайди, – дейди рассом Давлат Тошев.  

Бухоро биенналеси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб осори атиқалар жойлашган ҳудудда ташкил қилинишида ҳам рамзий маъно бор. Эътиборлиси, бу ердаги айрим ёдгорликлар узоқ йиллардан сўнг илк бор сайёҳлар учун ўз эшигини очди. Шу билан бирга улардаги ўтмиш қайталанишини ифода этиш мақсадида карвонсаройларда, хонақоҳларда, музейларда Бухоро шашмақоми ҳам алоҳида жаранглади.

Биеннале якунланди, аммо, у билан Бухорога кириб келган жозиба ва руҳият ҳали узоқ вақт ҳар бир нафасда, ҳар бир қарашда ўзини намоён этиб туради. Чунки, илоҳийлик руҳи мужассам бўлган шаҳарда тарихга гувоҳ бўлган кўплаб илим аҳли ва авлиёлар нафаси уфуриб турибди.   

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.