Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро чўлларида 200 минг гектар майдонда “Яшил қоплама” барпо этилади
20:38 / 2023-02-21

Бухоро вилояти Ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан 2022 – 2026 йилларда 200 минг гектар майдонда “Яшил қоплама”  ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш режалаштирилган.

– Айни кунда бошқарма тизимида 9 та ўрмон хўжалиги, 2 тадан ов ҳамда фойдали гиёҳ етиштириладиган дориворчилик хўжалиги, шунингдек, илмий-тажриба хўжалиги ҳамда вилоят ҳудудий биолабараторияси фаолият юритмоқда,  – дейди вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Сардор Жабборов.  – Бугунга келиб бошқарма тизимидаги корхона ва бошқа субъектлар томонидан умумий тасарруфга олинган ер майдони 576 минг гектар бўлиб, шундан 445 минг гектар майдон ўрмон ва тўқайзордан иборат. Ўтган йил 40 минг гектар чўл массивида бажарилган экиш ва ниҳол кўкартириш ишлари аввало, юртдошларимиз саломатлигини сақлаш, экологик номутаносибликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу мақсадда вилоят иқлим шароити ва географик ўрганишлар натижасида Жондор туманининг чўл ҳудудидан 40 минг гектар ер майдони танланган эди. Бу ишларни амалга оширишда 160 турдаги чўл ўсимликлари уруғи, бунда 2 миллион туп саксовул ниҳоли тегишли тартибда ихота зоналарига экилган. Бошқарма томонидан ишчи кучи ва махсус техника ажратилиб, отрядлар томонидан бажарилган ишлар учун 100 тонна дизель ёқилғиси сарфланган.

2023 йилда Жондор тумани Қорақум чўлида 20 минг гектар, Шофирконда 20 минг гектар ер майдонида экиш ишлари бошланган.  Бунда фойдаланилаётган жами 31 та транспорт воситаси вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимидаги туманлар ўрмон хўжаликлари техникалари бўлиб, айни кунда 100 кишидан зиёд ишчи кучи бу ишга жалб қилинган. Икки туманда алоҳида экиш штаби ташкил этилган. Кунлик иш ҳажми, уруғлик ва зарур ёқилғи таъминоти назоратга олинган. Шунингдек, Ўрмон хўжалиги жамоаларига амалий ёрдам сифатида қишлоқ хўжалик тизимидаги машина–трактор паркларидан ҳам 10 та ҳайдов трактори ва зарур агрегат ва механизмлар ажратилган.

Чўл ўсимликлари уруғлари захирасини жамғариш ва экиш учун узлуксиз таъминот яратилиб, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш воситалари таъминотига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, чўлда меҳнат қилаётганлар учун вақтинчалик бино ва иншоотлар қуриш, бирламчи зарур алоқа ва бошқа хизматларни шай қилиш, зарур техника ва асбоб-ускуналар сотиб олиш учун масъуллар бириктирилган. “Яшил қоплама” лар барпо этиш жойигача бўлган масофага ишчи-мутахассисларни ва уруғлик маҳсулотни ташиш учун ҳам ташаббускор тадбиркорлик субъектлари томонидан зарур автобус ва транспорт воситалари жалб қилинган. 

Вилоят ҳудудида суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши ихота дарахтзорларини барпо этиш бўйича ҳам ўрмон хўжаликлари томонидан тизимли ва мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни шу кунларда чўл массивларида экиш учун захира қилинган саксовул, юлғин, қандим, черкез ва шу каби яйлов чўл ўсимликлари уруғлари ва ниҳоллари экиш ортядларига пешма-пеш етказиб берилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА