Бухорода “Қалблар дардига дармон” шиори остидаги биринчи халқаро замонавий санъат биенналеси доирасида “Марказий Осиё аёллари” шўъба йиғилиши бўлиб ўтди.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги “ACWA Power” компанияси кўмагида ташкил этилган тадбирда турли мамлакатлардан келган рассомлар маданий мерос ва замонавий воқелик ижод жараёнига қандай таъсир қилиши мавзусини муҳокама қилиш учун тарихий Гавкушон мадрасасида бирлашди.
Бухоро биенналеси – ЮНЕСКО ижодий шаҳарлар тармоғи (UCCN)га киритилган, яқинда таъмирланган тарихий обидаларда ўтаётган янги замонавий санъат ташаббуси. Шунчаки санъат лойиҳаси эмас, балки шариф шаҳарнинг тарихий масканлари орқали кечаётган ҳиссий саёҳат.
20 ноябргача давом этадиган анжуман дастуридан етакчи замонавий рассомлар билан суҳбат, мусиқий чиқиш, бош ошпазлар учрашуви, ҳунармандлар маҳорат дарси, санъат тарихи симпозиуми ва шеърий дастурлар ўрин олган.
Маълумки, “ACWA Power” Марказий Осиёда аёллар ҳуқуқи муҳофазасини фаол қўллаб-қувватлаб келади. Бу гал корхона мамлакатимизнинг турли вилоятлари, хусусан Ширин энергетика коллежи талаба қизларини ушбу нуфузли тадбирдаги иштирокини рағбатлантирди. Мазкур ташаббус энергетика соҳасида аёллар истеъдодини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли стратегия, коллежда амалга оширилаётган таълим дастурларининг бир қисмидир.
– Жамоамиз Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкори эканлигидан фахрланади, – деди компания коммуникация бўлими раҳбари Жонона Аҳмедова. – Биз “Vision-2030” дастурини амалга оширишда ишончли ҳамкор бўлиш, аҳолини арзон, барқарор энергия билан таъминлаш, инновация ва глобал экспертизани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Пировард мақсад – хотин-қизларни узоқ муддатли ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш.
– Корхонанинг Саудиядан ташқаридаги энг йирик бозори ҳисобланган Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишида муҳим ўрин эгаллаётганимиздан фахрланамиз, – дейди корхона ҳуқуқий бўлими бошлиғи Ламия Худоёрова. – Аёллар иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлана олади. Шундай муҳокамалар орқали биз олға интиламиз.
– Ўзбекистонда 2031 йилга бориб қуввати 12 ГВт дан ошадиган энг йирик энергетика лойиҳасини амалга оширяпмиз, – деди Стратегия бўлими раҳбари Нигина Жумаева. – Лойиҳаларимиз CО₂ чиқиндисини йилига 10 миллион тоннадан кўпроқ қисқартиради, табиий газ истеъмолини 5 020 миллион м³ камайтиради. Бундай ижобий ўзгаришлар жараёнида аёллар алоҳида ўрин тутади. Тараққиёт нафақат мегаватт ёки инфратузилма, балки маданият, илҳом ва янги мазмун билан ҳам уйғунлашади.
“Марказий Осиё аёллари” шўъбаси минтақа бадиий овози ранг-баранглигини, маданий мероснинг замонавий амалиётни илҳомлантира олиш қудратини намойиш этди. Бухоро биенналеси минтақа аёллари санъат ва ҳикоячилик келажагини қандай шакллантираётганини кўрсатди. Ширин Энергетика коллежи талабаларининг иштироки эса аёллар таълими ва етакчилигига сармоя киритиш нақадар муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА