Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро аҳли Чингизхонга қарши мардонавор курашган
08:29 / 2025-02-16

Ватанимиз тарихидаги 16 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1220 йил (бундан 805 йил олдин) – ўрта аср тарихчиси Жузжонийнинг қайд этишича, мўғуллар Бухорони эгаллади (айрим манба ва адабиётларда Бухоронинг 10 февраль санасида эгаллангани қайд этилган). Шаҳар ҳали бутунлай таслим бўлмаган эди. Гўрхон бошлиқ 400 мудофаачилар қамалга олинган Бухоро аркида 12 кун давомида мўғулларга қарши қаҳрамонона кураш олиб борди. Мўғуллар аркни забт этиш учун барча тадбирларни қўллаб кўрди. Лекин ҳаммаси бекор кетди. Қалъа ичидаги барча чуқурлар одам ва ҳайвон майитлари билан тўлиб-тошгандан, қаҳрамонлар жонларини фидо қилганларидан кейингина уларнинг қароргоҳи забт этилди. 

Академик Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг ёзишича, бу жасоратли қаршилик учун шаҳар аҳолисидан 30 мингдан зиёдроқ киши қурбон қилинди, қолганлари эса табақаларига қарамай қул қилинди. Мовароуннаҳрнинг қадимий марказларидан ҳисобланган Бухоро талон-торож этилди. Шаҳарнинг зеби-зийнатларига саҳройилар ваҳшиёна ташландилар.

Бухоро қисматига тушган ваҳшиёна шафқатсизлик ва номуссизлик манзарасига чидай олмаган қози Бадруддин, Имомзода Рукнуддин ва унинг ўғли ғазабланиб, ўзларига тенг бўлмаган яроғли душманга ҳужум қилиб, ҳалокат топдилар. Шунга қарамасдан, мўғуллар қиличидан омон қолиб, шаҳарга яширинган султон аскарлари ўзларининг тунги ҳужумлари билан Чингизхонни безор қилдилар. 

Мўғуллар хоқони бундай тунги жангчиларни ушлаб беришни шаҳар аҳлидан талаб қилди. Аммо бухороликлар ғолибнинг буйруғини бажармай, уларни асраб турдилар ва тунги ҳужумларига ёрдам бердилар. Шундан кейин Чингизхон ниҳоятда ғазабланиб, шаҳарга ўт қўйиб, уни ёндириб юборишга амр қилди. Аксари синчли иморатлардан иборат бўлган Бухоро бир неча кун давомида таг-тугига қадар ёниб кулга айланди. Фақат тош ва пишиқ ғиштлардан қурилган масжид ва саройларгина бу култепа ичида қора тош каби дўппайиб қолади.

1425 йил (бундан 600 йил олдин) – Мовароуннаҳрни идора қилаётган Мирзо Улуғбек Мўғулистонга қарши юриш бошлади. Темурийлар ҳукмдори, отаси Шоҳрух Мирзо бу юришни тўхтатиш мақсадида икки марта Улуғбек Мирзога элчилар юборди. Аммо Улуғбек элчиларга жавобда юриш ҳақидаги фармон аллақачон овоза бўлгани, агар эндиликда юриш тўхтатилса, душман бизни кучсиз экан, деб гумон қилиши мумкин эканлигини баҳона қилиб, юришни давом эттирди. 

1865 йил (бундан 160 йил олдин) – Қўқон хонлигининг бош қўмондони – амири лашкар Алимқули рус босқинига қарши курашда ёрдам беришни сўраб турк султонига элчи юборгани ҳақида Россиянинг Туркиядаги элчиси Петербургга маълум қилди. 

1908 йил (бундан 117 йил олдин) – Тошкент шаҳар учинчи участка пристави Абдулла Авлонийдан “Шуҳрат” газетасининг бутунлай тўхтатилгани тўғрисида тилхат олди. Айни пайтда, муҳаррир приставга газетанинг 1-сонидан 10-сонигача таҳририятда қолган 1803 нусхасини, “Шуҳрат”ни олаётган 252 обуначининг рўйхатини ҳам топширди. Худди шу тарзда “Шуҳрат” босилган матбаанинг эгасидан ҳам газета тўхтатилганидан огоҳ бўлганлиги ҳақида тилхат олинган.

1963 йил (бундан 62 йил олдин) – Ўзбекистоннинг шарқий қисмида жойлашган Сирдарё вилояти ташкил этилди.

1973 йил (бундан 52 йил олдин) – архивларнинг ҳужжатлар таркиби ва жамланиши масаласини қайта кўриб чиқиш мақсадида “Республика архив иши ҳолати ва уни янада яхшилаш чора-табирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди. Тарихчи Мухаё Исакованинг маълумот беришича, мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Кино, сурат ва овозли ҳужжатлар Марказий давлат архиви қайта тикланди ва Тошкент вилояти давлат архиви асосида алоҳида Тошкент шаҳри давлат архиви ташкил этилди. Шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари ҳузурида фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий сўровларини бажариш учун алоҳида идоралараро хўжалик ҳисобидаги шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари тузилди.

1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Алишер Навоий номли Давлат академик Катта опера ва балет театрида “Насриддиннинг қилиқлари” биринчи миллий комик балет премьераси бўлиб ўтди.

1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Тошкент шаҳрининг бир неча жойида кучли портлашлар юз берди. Натижада бегуноҳ кишилар ҳалок бўлдилар. Юзлаб одамлар турли даражадаги оғир тан жароҳатларига учради. Бир қанча маъмурий ва турар-жой бинолари жиддий зарар кўрди.

2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ва “Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг илмий-тарихий концепцияси ва экспозиция лойиҳасини тайёрлаш тўғрисида”ги қарори имзоланди. 

2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2019 йил (бундан 6 йил олдин) Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг ижролар ва фонограммалар бўйича ҳамда муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартномаларига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида қонунлар қабул қилинди.

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлат (давлатлар) ўртасида амалда бўлган келишувларга риоя этган ҳолда халқаро тижорат арбитражига нисбатан қўлланилади.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари имзоланди. 

2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА