“Бухоро” халқаро аэропортида аэродром ҳудудида авиаҳалокат юз берганда авария-қутқарув ишларини ташкил этиш, йўловчилар ҳамда экипажга ёрдам кўрсатиш бўйича мажмуавий машқлар ўтказилди.
Тадбир аэропорт кучлари томонидан Ўзбекистон Ягона авиация қидирув-қутқарув хизмати (ЯАҚҚХ) таркибига кирган ҳамкорлик қилувчи ташкилотлар иштирокида ташкил этилди.

“Uzbekistan Airports” маълумотларига кўра, режага мувофиқ, авария-қутқарув хизмати ходимларига ҳаво кемаси бортидаги штатдан ташқари вазият ҳақида хабар қилинди ва қутқарув операцияларини самарали ташкил этиш бўйича вазифалар қўйилди. Ташвиш сигналидан сўнг аэропортнинг ўт ўчириш гуруҳи дарҳол учиш-қўниш йўлагида кўпикли доира ҳосил қилди ва хавфсиз қўнишни муваффақиятли ташкил этди. Самолёт ерга қўнганидан сўнг, шартли ёнғинни ўчириш жараёнида воқеа жойига вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг бригадалари ҳам жалб этилди. Улар алангани тўлиқ бартараф қилиш ишларини амалга оширди. Йўловчилар хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди, жабрларганларга эса аэропорт ҳудудида ташкил этилган ихтисослаштирилган тиббиёт палаткаларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Ўқув-тактик тадбирлар якунида камчиликлар аниқланди ва уларга барҳам берилди, ходимлар тайёргарлигининг тактик-амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Барча масъул раҳбарлар тажриба алмашиб, аэропортнинг авария-қутқарув таъминот тизимини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА