Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бутунжаҳон ёшлар фестивали: хорижлик иштирокчилар таассуротлари билан ўртоқлашди
14:39 / 2024-07-11

Маълумки, мамлакатимизда илк бор бўлиб ўтган Бутунжаҳон ёшлар фестивалида хорижий давлатлардан келган мингга яқин иштирокчилар, жумладан, ёшлар сиёсатига масъул давлат органлари, ННТ ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакиллари ташриф буюриб қизғин мулоқот майдонини яратди.

Турли тадбирлар, учрашувлар, мулоқотлар, концерт дастурлари, ўқув-семинарлари ва саёҳатларга бой ўтган ушбу тадбир хорижлик меҳмонларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди, мамлакатимизга нисбатан меҳру муҳаббатини юксалтирди.  

Форум якунланганига қарамай унинг ёрқин лаҳзаларга бой таассуротлари, завқу шавқи қатнашчилар қалбида ҳамон сўнгани йўқ. Улар ушбу муҳташам анжуман борасида ўз дил сўзларини йўллашмоқда.  

– Ўзбекистонда ўтказилган фестиваль юқори савияда ташкил этилгани, бу ерда жам бўлган ёшлар учун қимматли тажриба майдони вазифасини ўтагани, шунингдек, дўстлик ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлгани билан катта аҳамиятга эга, – деди Ливия Миллий бирлиги ҳукумати ёшлар вазири Фаталла Эльзуни. – Тадбир ҳақиқий маънодаги ёшлар байрамига айланди. Анжуман давомида ёшлар турли халқларнинг маданият ва анъаналари билан танишиш имконига эга бўлгани ҳам нур устига нур бўлди. Ажиб лаҳзаларга бой ўтган тадбир дунё ёшлари ўртасида фикр ва ғоялар алмашинуви учун самарали платформа бўла олди.  

Умуман, турли мулоқот ва давра суҳбатлари орқали фикр алмашдик, билим ва кўникмаларимизни оширдик. Бу ёшларимиз ўртасида инновацион фикрлаш ҳамда янги ёндашувларни ривожлантиришга ёрдам беради, албатта.  

– Дунёнинг турли бурчакларидан келган истеъдодли ва интилувчан ёшлар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва пойтахтида жам бўлди ва фестиваль доирасидаги турли тадбир ва мулоқотларда қатнашиб, ўзларига янги фикрдош, дўст ҳамда ҳамкорлар топди, – деди Канада Вазирлар Маҳкамаси собиқ котиби Фарид Aмин. – Юртингизда кечган кунларнинг ҳар бири қалбимизга олам-олам ҳайрат бағишлагани билан қадрли. 

Шунингдек, бой тарихий меросга эга Самарқандда кечган дамларни, Тошкент бахш этган жўшқин энергияни ҳеч қачон унутолмасак керак. Бу таассуротларнинг ўзи алоҳида мавзу. 

Бутунжаҳон ёшлар фестивали бизни нафақат лол қолдирди, балки кучимизга куч қўшди, янада юксак мақсадлар қўйишга чорлади. Ёш дўстларимга тилагим: тўғри йўлдан оғишманг, юртингиз ва халқингизнинг суянган тоғига айланинг, зеро, дунёнинг эртанги келажаги айнан сиз ёшларнинг қўлида! 

– Бутунжаҳон ёшлар фестивалига таклиф этилганим, минглаб хорижлик ва ўзбекистонликлар қаршисида қўшиқ куйлаганим, олқишлар ва эътирофлар… Бу гўзал ҳиссиётлар бир умрга татийди, – деди қозоғистонлик санъаткор Димаш Қудайберген. – Юртингизда ўзимни нотаниш ўлкада, бегона одамлар орасида юргандек ҳис қилмадим. Чунки, Ўзбекистон ва Қозоғистон азал-азалдан бир-бирига қардош, илдизлари ва мақсадлари бир, яхши-ёмон кунда елка тутиб яшашган. 

Истардимки, шундай руҳдаги форумлар, тадбирлар, байрамларимиз кўп бўлсин. Мамлакатларимиз дўстлиги ҳам мана шундай фестиваллар воситасида абадий давом этаверсин!  

– Жамоамиз билан юртингизга келишни анчадан бери режа қилиб юргандик, – деди «YouTube»даги «D-Billions» платформаси асосчиси Эрнст Уметалиев. – Бу Ўзбекистонда ҳар йили анъанавий тарзда нишонланадиган Ёшлар куни, айниқса, Бутунжаҳон ёшлар фестивалига тўғри келгани айни муддао бўлди. Сафар олдидан нуфузли тадбирда шунчаки иштирокчи ўлароқ қатнашишни эмас, балки ўзбек болажонлари учун махсус концерт дастури ташкил этишни ҳам ўйлаб қўйгандик. Пойтахтнинг Алишер Навоий номидаги Киночилар уйида ўзбекистонлик ука-сингилларимиз билан мулоқот қилдик, ўйлайманки, ташкил этган концертимиз уларга манзур бўлди.  

Мамлакатингизда кўплаб мухлисларимиз борлиги бизни севинтирди. Яқин йилларда бу ерга яна келамиз ва албатта, тўлиқ концерт дастури ташкил этиб, навқирон мухлисларимизга унутилмас онларни тақдим этамиз.  

Гулноза Бобоева, ЎзА