Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бутунжаҳон “яшил” кўргазмада 112 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиш этилмоқда
14:30 / 2023-10-06

Қатарда “Expo Doha-2023” бутунжаҳон кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қатарга амалга оширган давлат ташрифи давомида минтақада ўтказилаётган илк глобал “яшил” кўргазма очилишида иштирок этиб қайтди.

2024 йилнинг 28 март санасига қадар давом этадиган мазкур кўргазмада дунёнинг 80 та давлати 3 миллион ташриф буюрувчига ўз имконият ва ташаббусларини намойиш қилмоқда. Жумладан, яшиллик ва у билан боғлиқ масалалар талқинини ўзбек олимлари ҳам ўзига хос ечим сифатида дунёга тақдим этмоқдалар.

Бутунжаҳон кўргазмасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам намойишга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизматининг ЎзАга тақдим қилган маълумотларига кўра, кўргазмага жами 5 тоннадан иборат 112 турдаги экспортбоп ва сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб борилган. Бунда барча турдаги полиз экинлари, дуккакли, қуритилган ва ҳўл мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, кенг турдаги саноат маҳсулотлари намойишига алоҳида ўрин берилди.

Шунингдек, микрокўкатлар, чорва учун яшилликдан иборат озуқа базаси, бир йилда бир неча маротаба ҳосил бериши мумкин бўлган гибрид навлар, боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликдаги сўнгги селекция навлари кабилар илк маротаба бу каби нуфузли тадбирда намойиш этилмоқда.

Шу билан бирга, илмий-тадқиқот институтлари томонидан пахтачилик, ғаллачилик, уруғчилик, “In-vitro” каби янги ишланмалар, қолаверса, соҳага энг зарур бўлган учувчисиз учиш аппаратлари ҳам тақдимот қилиняпти. Қайд этилишича, меҳмонлар томонидан Ўзбекистонда етиштирилган узум, нок, полиз экинлари ва қуритилган меваларга жуда катта қизиқиш билдирилмоқда.

Ақлли қишлоқ хўжалигини барпо этишга бош-қош бўлган барча мутахассис — олим, селекционер, биотехнолог ва оддий деҳқонгача мазкур анжуманда иштирок этмоқда. Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар давлатларининг йирик компаниялари билан қуритилган мева, сабзавотлар ҳамда микрокўкатларни етиштириш ва ресторанларда қўллаш бўйича музокаралар ўтказилди.

Кўргазма доирасида ташкил этиладиган тадбирларда янги ўрмонзорлар барпо этиш, экинлар ҳосилдорлигининг йўқолиши, ўрмон ёнғинлари ва сув танқислиги оқибатида юзага келиши мумкин бўлган энг даҳшатли табиий офатларнинг олдини олиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган.

Муҳтарама Комилова, ЎзА