English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси: 3 та турда ғалабага эришган жамоамиз бугун қозоғистонликлар билан куч синашади
13:27 / 2025-08-19

Колумбияда шахмат бўйича ўсмирлар (U-16) ўртасида ўтаётган Бутунжаҳон олимпиадасининг ортда қолган 3-туридан кейин Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 очко билан кучлилар қаторида бормоқда.

45 та мамлакатнинг 90 та жамоаси иштирокида давом этаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида халқаро гроссмейстер Саидали Юлдашев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Маҳоратли ёш шахматчилар Ҳумоюн Бекмуродов, Муҳаммадзоҳид Суяров, FIDE спорт устаси Асроржон Омонов ва ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамовадан иборат терма жамоамиз 1-турда Колумбия-10 жамоасини 4:0, 2-турда Эквадор-1 терма жамоасини 3:1, 3-турда Перу жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этди.

Ўн олтинчи бор ташкил этилаётган мазкур Олимпиада мусобақаларида мамлакатимиз шахматчилари сингари 8 та жамоа 3 очкога эга бўлган ҳолда юз фоизлик имкониятга эга бўлиб турибди.

Бугун, 19 август куни Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 4-турида ҳамюртларимиз 3 очкога эга Қозоғистон-2 жамоаси билан куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат “FIDE World Youth U16 Chess Olympiad-2025” мусобақалари 23 августга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,

ЎзА