Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бутунжаҳон Санкт-петербургликлар клуби аъзолари Самарқандда йиғилди
21:39 / 2023-10-09

Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон Санкт-петербургликлар клубининг 11-йиғилиши бўлиб ўтди.

Бутунжаҳон Санкт-петербургликлар клуби 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, клуб фаолиятининг асосий мақсадларидан бири дунё бўйлаб тарихий меросни сақлаш ва ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада замонавий технологияларни жорий этишдан иборат.  

Маданий-маърифий тадбирда Ўзбекистон ва Россия музейшунослари, кутубхоналар раҳбарлари иштирок этди.  

Йиғилишни Россиянинг Эрмитаж музейи директори ва клуб раиси Михаил Пиотровский онлайн чиқиши билан очиб берди ҳамда тадбир иштирокчиларини табриклади.  

– Самарқанд ва Санкт-Петербург маданияти, инсон тамаддунига қўшган ҳиссаси билан тарихан ўхшаш маданий марказлар ҳисобланади, - дейди Эрмитаж давлат музейи етакчи илмий ходими Галина Радионова. – Бу ҳамкорлик юз йилга яқин муддатни ўз ичига олади. Иккинчи жаҳон уруши даврида – 1942-1943 йилларда Санкт-Петербург Бадиий академияси Самарқандга кўчирилган. Бугунги тадбир ушбу тарихий куннинг 80 йиллиги муносабати билан шу кўҳна кентда бўлиб ўтяпти. Ҳозир ҳам Эрмитаж музейи Самарқанд археология институти билан турли лойиҳаларда ҳамкорлик қилмоқда.  Таъкидлаш жоиз, музейимизда ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихига оид жуда кўп маданий ёдгорликлар сақланяпти. Шу жиҳатдан Санкт-Петербург Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда катта аҳамиятга эга.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси   тасарруфидаги 14 та вилоят ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари малакасини ошириш бўйича Санкт-Петербург шаҳридаги Президент кутубхонаси ҳамда Маяковский номидаги шаҳар кутубхонаси билан имзоланган меморандум юзасидан иш-режа белгилаб олинди.    

– Меморандум жорий йил 15-18 июнь кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтган ХХV Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида имзоланган эди, - дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбари Умида Тешабоева. - Ҳар бир кутубхона билан мақсадлар, амалга ошириш механизмлари ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш муддатларига аниқлик киритган ҳолда ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга қарор қилдик.  

Тадбир қатнашчилари ҳамда клуб аъзолари Самарқандда маданий меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш мақсадида амалга оширилаётган ишларни эътироф этди. Бундан кейин ҳам ушбу соҳада ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари