Дубай шаҳрида Халқаро электр алоқа иттифоқининг 2023 йилги Бутунжаҳон радиоалоқа конференцияси ўз ишини бошлади.
Ҳар уч-тўрт йилда бир марта ўтказиладиган Бутунжаҳон радиоалоқа конференцияси радиочастота спектри ва йўлдошли орбиталардан фойдаланишни тартибга солувчи халқаро шартнома – Халқаро электр алоқа иттифоқининг Радиоалоқа регламентини қайта кўриб чиқиш ваколатига эга.
Унда электр алоқа ва АКТ соҳасига катта таъсир кўрсатадиган бир қатор илғор технологик инновацияларга қўйиладиган талаблар кўриб чиқилади.

Конференцияда радиочастота спектридан фойдаланишда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги, “Электромагнит мослашув маркази” ДУК ва “UNICON.UZ” МЧЖ мутахассислари ҳам иштирок этмоқда.
Бутунжаҳон радиоалоқа конференцияси 2023 йилнинг 15 декабрига қадар давом этади. Унинг натижалари инсонлар ва давлатлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган дунёдаги радиоалоқа технологияларининг ҳозирги ва келажакдаги ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади.
Н.Раҳмонова, ЎзА.