“Бутунжаҳон космос ҳафталиги” доирасида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида “Ўзбеккосмос” ва NASA агентликлари ҳамкорлигида “NASA Space Apps Challenge-2025” ҳакатон тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро ҳакатоннинг асосий мақсади иқтидорли ва ташаббускор ўғил-қизларни саралаб олиш, уларни қўллаб-қувватлаш, глобал мавзуларга нисбатан тўғри ва кенг фикрлашларига имкон яратиш, жаҳон майдонига ўзбек ёшларининг янги лойиҳаларини олиб чиқишдан иборатдир.
Ҳакатонда космонавтика ва астрономия каби йўналишларга қизиққан 200 нафардан зиёд ёшлар 50 дан ортиқ жамоаларга бўлинган ҳолда иштирок этди. Улар маълумотларни қайта ишлаш, космик технологиялар ва STEAM каби йўналишларда 19 та мавзу бўйича ўзларининг креатив лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда. Бу эса улар учун NASA агентлигининг энг долзарб муаммолари устида ишлаш орқали ўз истеъдодини намоён этиш, ижодий фикрлашни ривожлантириш, ноёб ғояларни ишлаб чиқиш ва янги ташаббусларни илгари суришга ёрдам беради.
Қайд этиш лозим, “NASA Space Apps Challenge-2025” танловида ҳар йили дунёнинг 160 дан ортиқ давлатидан 180 мингдан зиёд ёшлар қатнашади. Мамлакатимиз эса мазкур ҳакатонда 4 йилдан буён муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Ҳозирга қадар мазкур ҳакатонда иштирок этган ўзбек ёшларидан таркиб топган жамоалар жаҳоннинг TOP-50 энг яхши жамоалари қаторига кирган.
Нигора Раҳмонова, ЎзА