Олий Мажлис Сенатида 20 ноябрь – Бутунжаҳон бола ҳуқуқлари куни муносабати билан «Бизнинг ҳуқуқимиз, бизнинг овозимиз» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда Болалар омбудсмани, Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари, мактабгача ва мактаб таълими вазири, Ёшлар ишлари агентлиги директори, 200 нафар экология фаоллари ҳамда 400 нафардан ортиқ ёшлар онлайн тарзда иштирок этди.
Мазкур мулоқот болалар ҳуқуқлари, уларнинг ижтимоий, таълим ва экологик масалаларда иштирокини рағбатлантиришга бағишланди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева мулоқотнинг барча иштирокчиларини қутлаб, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соғлиқни сақлаш, таълим тизими, ижтимоий ҳимоя ва махсус эҳтиёжли болаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ютуқларга эришилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг болалар ва ёшлар учун барқарор ва соғлом муҳит яратиш, экологик онг ва жавобгарликни шакллантириш йўлида қилаётган саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.
Жумладан, “Замин” халқаро жамоат фонди орқали “Ўзбекистон эко мактаблари” лойиҳаси доирасида 258 мактаб вa 492 мактаб ўқувчиси фаол иштирок этаётир.

Болаларнинг экологик билим ва ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича миллий платформалар яратилиб, ёшлар орасида иқлим ўзгариши ва яшил технологиялар бўйича билим ва тадбирлар ривожлантирилмоқда.
Тадбир давомида болаларга ўз ташаббус ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича инновацион ечимларни таклиф этиш ва фаол фуқаролик позициясини намоён қилиш имкониятлари тақдим этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА