Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бутунжаҳон атроф-муҳит куни муносабати билан фототанлов ўтказилади
18:32 / 2023-04-26

Жорий йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан таъсис этилган Бутунжаҳон атроф-муҳит кунининг 50 йиллиги кенг нишонланади. Сўнги бир неча йиллар давомида Бутунжаҳон атроф-муҳит куни экологик хабардорликни ошириш ва экологик ҳаракатни рағбатлантириш учун глобал платформага айланди. Ҳар йили дунё бўйлаб ўн миллионлаб одамлар турли тадбирларда, акцияларда қатнашади.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси мамлакатимизда Бутунжаҳон атроф-муҳит кунига бағишланган фототанлов ўтказиш ташаббуси билан чиқди. ФАО Ўзбекистон Республикаси Табиий ресурслар вазирлиги билан ҳамкорликда танлов таъсисчиси ҳисобланади.

Ижодий танлов мавзуси – “Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда гендер тенглигининг ўрни”. Фототанлов аёлларнинг ўрмон хўжалиги ва Ўзбекистоннинг бетакрор табиатини асраб-авайлашдаги муҳим ролига кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга бағишланган.

Ўрмонларни кузатиш, ўрмон маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиш, доривор ўтларни етиштириш, янги ўрмон экиш ва жамоаларни бошқариш ўрмон хўжалиги ходимлари ҳар куни бажарадиган вазифалар сирасига киради. Бугун ўрмон хўжаликларида аёл мутахассислар кўпайиб бораётган бир пайтда ўрмон хўжалигида гендер тенглиги зарурати, аёллар имкониятини кенгайтириш, ресурсларни бошқариш ва қарор қабул қилиш жараёнида тенг ҳуқуқларни таъминлаш учун ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Ушбу муҳим ғояларни фотосуратлар орқали етказа оладиган энг топқир иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши маълум қилинган. Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

– Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда гендер тенглигининг ўрни

– Ўрмон бекаси – табиат онаси

– Табиат бешигини оналар тебратади

Танловда иштирок этиш учун уч босқичдан ўтишингиз сўралади:

– Мавзулардан бирини акс эттирувчи фотосуратлар олинг;

– Онлайн ариза шаклини тўлдириб, фотосуратларингизни тавсифлашингиз ва нима учун ушбу мавзуни танлаганингизни тушунтиришингиз керак;

– Ижодий ишларни тўлдирилган ариза шакли билан бирга Nargis.Kosimova@fao.org электрон манзилига 2023 йил 25 майга қадар юборишингиз шарт.

Танлов шартлари ҳақида батафсил маълумотни танлов тўғрисидаги Низомдан билиб олишингиз мумкин.

ЎзА