Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик
Президентимизнинг жорий йил 23 августдаги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик, идора ва олий таълим муассасалари мутасаддиларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида бўлиб, халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар сифати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 23 августдаги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик, идора ва олий таълим муассасалари мутасаддиларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида бўлиб, халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар сифати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашмоқда.
“Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик” шиори остида ўтказилаётган мазкур тадбир мактаб таълимини ривожлантиришни умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айлантиришга, устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатишни жамиятимизда олий қадрият даражасига олиб чиқишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлаётир.
Жанубдаги вилоятда мавжуд 911 та таълим муассасасида 39 минг 651 ўқитувчи ёш авлодга таълим-тарбия бермоқда. Сўнгги йилларда ўқитувчи-мураббийларга давлат даражасида эътибор кучайтирилиб, уларни кучли ижтимоий ҳимоя қилиш тизими шакллантирилаётгани, ўқув муассасаларида замонавий шароитлар яратилаётгани таълим-тарбия сифатини оширишга хизмат қилаётир. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида ташкил этилиб, вилоятга келган нуфузли ишчи гуруҳ аъзолари, профессор-ўқитувчилар бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга кўмаклашмоқда. Термиз шаҳри ва туманлардаги мактабларда ўтказилаётган маҳорат дарсларида ўқитувчилар билим ва кўникмасини мустаҳкамлаб, ўз фанлари бўйича энг сўнгги технологиялар ҳамда янгиликлар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмоқда.
– Ишчи гуруҳ аъзолари белгиланган қатъий режа асосида фаолият юритмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи И.Сафаров. – Улар энг олис мактабларда ҳам бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан учрашаётир. Педагогларнинг касб маҳорати, ёш авлоднинг билим даражаси билан қизиқмоқда. Жойларда дуч келинаётган муаммоларни ўрганаётир. Ҳудудларда Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Холмуҳамедов, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон миллий университети ректори А.Мараҳимов, Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори Ж.Солиҳов сингари ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар ташкил этиляпти.
Вилоят мактабларида таълим-тарбия ишларини тубдан юксалтиришга яқиндан ёрдам бераётган ишчи гуруҳ яна бир хайрли ишга қўл урди. Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш борасидаги тадбирлар сифатини оширишга ҳам аҳамият берди. Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази мутахассислари Қумқўрғон туманидаги мактабларда ўқиётган 6 минг 950 нафар 10-11-синф ўқувчисининг касбий қизиқишларини аниқлаш учун психологик ташхис ўтказди. Бу ўқувчи-ёшларнинг ота-онаси ёки яқинлари мажбурлови асосида эмас, балки ўзида мавжуд лаёқат ҳамда қобилиятига қараб, муайян бир касбни танлашига қулай имконият яратди. Бу жараёнда педагог касбига мойиллиги, қизиқиши бор ўқувчилар сараланиб, мактабларда ташкил этиладиган “Педагог синф”лар учун уларнинг рўйхати шакллантирилгани келажакда шарафли бу касб эгалари сафининг янада кенгайишига пухта замин ҳозирлайди.
Вилоятда бошланган мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракати доирасида “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик” шиори остида Термиз шаҳри ва барча туманлар марказларидаги муҳташам кошоналарда, аҳоли дам олиш масканларида ўтказилган маданий-маърифий тадбир ҳам педагогларнинг жамиятдаги нуфузини кўтаришга қаратилгани билан барчада катта қизиқиш уйғотди. Мазкур тадбирларда 30 мингга яқин устоз ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Шу куни ўқитувчилар учун арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, мактаб ўқув қуроллари, турли китоб ярмаркалари ташкил этилди. Педагоглар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида қизиқарли спорт мусобақалари уюштирилди. Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.
Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.