Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бутун дунё лидер аёлларини бирлаштирган саммит
14:45 / 2022-09-11

Тошкентдаги Халқаро конгресс холлда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити бўлиб ўтди.

БМТ, Парламентлараро иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, турли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 20 га якин давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этган мазкур саммит икки кун давом этди. Унда турли мамлакатлар парламентлари раҳбарлари долзарб чиқишлар қилди, ўзаро тажриба алмашилди. Қизиқарли муҳокамалар давомида кўтарилган масалалар бўйича кўплаб амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳими, “Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш” мавзусига бағишланган саммитнинг якуний ҳужжати – Тошкент декларацияси ишлаб чиқилди. Ҳужжатда мамлакатларнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни баҳолаш ва уларни бартараф этишда гендер тенглигига йўналтирилган парламентни шакллантириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланди. Шунингдек, инқирозли вазиятларни ҳал этишда тенглик, адолат ва барқарорликка асосланган гендер масалаларига жавоб берадиган парламентни шакллантириш бўйича Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Таъкидлаш керакки, ўтган йили Австрия пойтахти Венада бўлиб ўтган саммитда кейинги учрашув Ўзбекистонда бўлиши белгиланган эди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенглик, хотин-қизлар ҳуқуқи масаласида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Мазкур йўналишдаги ишлар “Ҳеч бир аёл давлат ва жамият эътиборидан четда қолмайди” деган қатъий тамойил асосида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд норматив-ҳуқуқий база халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилди, ташкилий-институционал база мустаҳкамланди, стратегик ва концептуал ҳужжатлар қабул қилинди, уларнинг ижроси сифатли таъминланмоқда, гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугунги кунда Парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос ҳолда 32 фоизни ташкил этмоқда. Хотин-қизларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 27 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 25 фоизга, сиёсий партияларда 44 фоизга, олий таълимда 46 фоизга етди.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг муҳим қарорлар қабул қилинадиган давлат идораларида етарли даражада вакилликка эгалиги улар манфаатларининг мазкур ҳужжатларда тўлақонли инобатга олинишида муҳим омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Аёлларимиз орасидан вазирлар, элчилар, ҳокимлар, олималар, Ўзбекистон қаҳрамонлари етишиб чиқяпти. Бу юртимизда гендер тенгликка кўрсатилган юксак эътиборнинг самарасидир. Шу каби ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортди ва шунинг натижасида Тошкент мазкур саммитга мезбонлик қилди.

Тадбирда аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий ҳимояланмаган қатламига алоҳида эътибор қаратиш устувор вазифа бўлиб қолиши таъкидланди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғи орқали хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини камситиш ва таъқиб қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалий қўллаш иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.

Хотин-қизлар дунё аҳолисининг ярмини ташкил қилади. Инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири бўлган гендер тенглик жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, барқарор ривожланиш жараёнида инсон салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.

Саммит сиёсатда, жамиятда фаол бўлган бутун дунё хотин-қизларини бир жойга тўплаб, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, раҳбар аёллар ўртасида фикр алмашиш, рақамли маконда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини ва гендер тенгликни таъминлаш учун тартибга солиш усуллари ва тактикасини ишлаб чиқиш ёки қайта кўриб чиқиш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтагани таъкидлаб ўтилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, глобал муаммолар ечимида парламентдаги аёллар ташаббус кўрсатаётгани диққатга сазовор. Чунки аёллар муаммолари ечимлари, гендер тенглик каби масалалар парламентлар орқали қонунларда акс этади. Қонун эса ижроси таъминланиши шарт бўлган ҳужжатдир.

Барчага маълумки, сўнгги икки йил давомида COVID-19 пандемияси ҳаммага зарар етказди. Айниқса, хотин-қизлар бу жараёнда қийин вазиятларни бошдан кечирди. Саммитда айнан пандемиядан кейин жамиятдаги мувозанатни тиклаш, унинг оқибатларини бартараф этишда аёллар ролини оширишга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бугунги саммитни тарихий воқеа дейиш мумкин. Боиси Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор Ўзбекистонда ана шундай йирик анжуман ўтказилмоқда. Бинобарин, юртимизда сўнгги йилларда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти, шу билан бирга, Парламентлараро Иттифоқнинг эътиборини тортгани қувонарли ҳолдир.

Маълумки, Парламентлараро Иттифоққа дунёнинг 200 га яқин давлатлари аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу Иттифоққа 2017 йил аъзо бўлган. Ўтган қисқа давр ичида мазкур иттифоқнинг барча тадбирларида мамлакатимиз вакиллари фаол иштирок этди. Мазкур Иттифоққа мамлакатимиз вакилларининг аъзо бўлиши Ўзбекистонинг сиёсий майдондаги катта обрў-эътиборини кўрсатади.

Манзура Салимова,

Олий Мажлис Сенати аъзоси

ЎзА