French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бустер дозанинг аҳамияти ва уни қабул қилиш қоидалари
14:59 / 2022-05-30

Бухорода “Ўзбекистонда иммунизация ва вакцинация жараёнлари, миллий профилактик эмлаш тақвими ва бу борада аҳолига ишончли маълумотларни етказиш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар қатнашди. 

Бухоро вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Абдулҳақовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган. Унга мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликларга қарши режали вакцинация тадбирлари ўтказилади. Профилактик эмлашлар учун эмлаш пунктлари ажратилган. Вилоятда 1 та,  шаҳар ва туманларда 13 та вакцина сақлаш омборхоналари, 245 та даволаш профилактика муассасаларида совутгичлар мавжуд. 

Вакциналарни ташиш учун 14 та автотранспорт воситаси, 12 та генератор, 300 та термосумка ва термоконтейнерлар ажратилган. Чақалоқларни сил ва гепатит В га қарши эмлаш  ишлари туғруқ мажмуаларида амалга оширилмоқда. Муҳими, сўнгги йилларда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш билан қамраб олиш даражаси 96-98,3 фоизни ташкил этмоқда. Юртимизда, шунингдек, вилоятда 2003 йилдан буён эмлашдан сўнг ножўя ҳолатлар рўйхатга олингани йўқ. 

Аммо афсуски давлатимизнинг жуда катта маблағи эвазига яратилаётган бу имкониятлар мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатлами бирдек тушуниб етаётгани йўқ. Вақтинчалик безовталанишдан чўчиб эмлашдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бунинг олдини олиш учун тарғибот ва ташвиқот ишлари кенг кўламда олиб бориш бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири саналади. 

Матбуот анжуманида “COVID-19”– коронавирусга қарши курашиш  ва касалликнинг оммавий тарқалиб кетмаслигини олдини олиш  борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Мутахассисларнинг фикрича, пандемия даврида коронавирус касаллигидан, унинг оғир асоратлари ва ўлим ҳолатидан қутилиб қолишнинг энг самарали йўли бу эмланиш ҳисобланади. 

Бу вазиятда мамлакатимизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 2021 йилнинг 1 апрелидан бошланди. Ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Маълумот учун шуни айтиш жоизки, юртимизга бугунги кунга қадар жами етти турдаги вакциналар олиб келинди. Ўтган 2021 йилнинг 17 ноябридан бошлаб тўлиқ эмлаш курсини олганларни (2 ёки 3 маротаба эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий равишда эмлаш ишлари бошланган. 

[gallery-7335]

Шу ўринда аҳоли ва соҳа ходимлари ўртасида бустер доза нима ўзи? Бу вакцинани кимлар олади? деган савол туғилиши табиий.

“Бустер” сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, кўмакчи, ёрдамчи, тезлатувчи, жадаллаштирувчи каби маъноларни англатади. Бустер доза вакцинаси билан коронавирус инфекциясига қарши эмланган шахслар, 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтгандан кейин  эмланиши мумкин. Бу вазиятда ҳар қандай шахс вакцинанинг 2 ёки 3 та дозасини, яъни тўлиқ курсини олганидан кейин организмда вирусга нисбатан юқори титрда антитаначалар пайдо бўлади. Бироқ маълум вақт ўтиши натижасида унинг антитаначалар титри камайиб боради. Организмни ҳимоя қила олмайдиган даражага тушиб қолади. 

Бу жараёнда мазкур бустер доза сусайиб бораётган иммун тизимни қайтадан барқарор ҳолатга келтиради. Бунда бевосита организмда вирусга нисбатан юқори титрда антитаначалар пайдо бўлади ва бирламчи эмланишдан кейин ҳосил бўлган иммунитет даражасини кўтаради. Бустер доза вакцинаси билан эмланиш “альфа”, “делта” штаммларидан ташқари, “омикрон” штамми билан чақирилган COVID-19 касаллигидан ҳимоя қилади. Мабодо, касаллик юқиб қолган тақдирда ҳам жиддий асоратларсиз, енгил тарзда ўтиб кетади. Бустер доза, аввал олинган вакцина билан бир хил бўлиши шарт эмас. 

Вакцина олувчининг хоҳишига кўра бустер дозани ҳар қандай туридан фойдаланган ҳолда бир маротаба олинади холос. Ҳатто, бутун дунё олимлари ҳам эмлангандан 6 ой ўтганидан сўнг бустер доза олишни тавсия этмоқда. Бу бежиз эмас. Бустер доза мавжуд иммунитетни янада мустаҳкамлаб, давомийлигини оширади. Буни ҳар бир фуқаро тушуниши ва ўз вақтида, ўз ихтиёри билан эмланиши зарур. 

Тадбирда мавзу юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни қизиқтирган саволларга соҳа ходимлари томонидан батафсил жавоб берилди. Бу борадаги тарғибот самарадорлигини ошириш йўлида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Зариф Комилов, 
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА