Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Бургутга бош эгмаган барс"...
12:50 / 2021-12-20

Таниқли адиб, журналист Янгибой Қўчқоровнинг янги ҳужжатли романи «Бургутга бош эгмаган барс» деб номланди. Ҳали мутолаага киришмасдан бурун эътиборингизни тортадиган нарса – асар бош қаҳрамони, бургутга бош эгмаган барс ким бўлди, деган саволнинг пайдо бўлиши.

 «Дарҳақиқат, бош қаҳрамон ким?» деган ўй кўнгилнинг бир четида милтиллаб тураверади.

Асар қорақалпоқ халқининг атоқли фарзанди Қаллибек Камоловга бағишланади. Бош қаҳрамоннинг реал ҳаёти ва бадиий тўқималар китобхонга бош қаҳрамон ички дунёси ва у яшаган давр қиёфасини очиб беради.
Янгибой оға асар муқаддимасида Ҳазрат Алишер Навоийнинг

Ким бу чаман ичра хиромон эрур,
Барчаси бир-бирига меҳмон эрур...

байтини келтирар экан, қорақалпоқ элининг  яна бир азиз фарзанди Иброҳим Юсуповнинг “...Ҳар кимнинг ўз замони бор» деган сатрларини ҳам ёдга олади.

Муаллиф асарда бош қаҳрамон – Қаллибек Камоловнинг ота-онаси, унга йўл кўрсатган, устозлик қилган зотлар, замондошлари, шогирдлари билан муносабатлари ҳақида ўқувчига қизиқ-қизиқ маълумотларни баён этади. Адиб ушбу асарни ёзиш жараёнида бош қаҳрамон ва унга ҳамнафас – ҳамзамон бўлган инсонлар ёзиб қолдирган ёдномалардан ҳам ўрни-ўрнида фойдаланади.

Қаллибек Камолов яшаган давр ўзига яраша мураккаб, оғриқли, зиддиятларга тўла эди. Шу боис тажрибали адиб роман бош қаҳрамони тимсолида қорақалпоқ халқи босиб ўтган ибратли ҳаёт йўлини ҳам кўрсатишга ҳаракат қилади. 

Янгибой Қўчқоровнинг ушбу ҳужжатли романи собиқ иттифоқ даврида юз берган муҳим сиёсий воқеалар билан бирга Янги Ўзбекистоннинг учинчи уйғонишига оид ҳаётбахш ўзгаришларни ҳам  қамраб олганки, ўқувчи мутолаа жараёнида кеча ва бугунни солиштириш ва маълум хулосалар чиқариш имконига ҳам эга бўлади.

                                                                                                              

ЎзА