Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи доирасида АҚШнинг мамлакатимиз билан ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришдан манфаатдор етакчи корпорациялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
“Bunzl Distribution North America” компаниясининг бизнес ва маҳсулотларни ривожлантириш бўйича вице-президенти Майкл Айзенберг давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари икки томонлама шерикликни ривожлантириш ва иқтисодий имкониятларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлганини таъкидлади:
– Ўзбекистон етакчиси билан бир неча бор учрашиш шарафига муяссар бўлдим. Биз, тадбиркорлар юртингизда хориж бизнеси учун яратилаётган имкониятлардан жуда руҳландик. Бу ҳақиқатан юз бераётган жараёнларга нисбатан прогрессив қараш. Президентни океаннинг бу томонида кўриш ёқимли – биз учун узоққа бориш шарт бўлмади. Энг муҳими, биргаликда ишланаётган лойиҳалар жуда қизиқарли. Умид қиламизки, яқин келажакда ҳар икки томон фойда кўра бошлайди.
Ўзбекистон очиқ сиёсат ва иқтисодий ривожланишга нисбатан замонавий ёндашув намунасини кўрсатмоқда. Ҳозир республикада амалга оширилаётган илғор амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун ўрнак бўла олади. Мамлакатларимиз ўртасида шаклланаётган очиқлик, конструктив мулоқот ва дўстона алоқалар давлатлар бир-бири билан қандай муносабатда бўлиши кераклигининг ажойиб намунасидир.
Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларда иштирок этиш илғор ғояларни алмашиш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш учун янги имкониятлар очган муҳим тажриба бўлди.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА