Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бунёдкорликка йўналган “Самарқанд руҳи”
13:27 / 2022-09-14

Бугунги кун дунёдаги глобал хавф-хатарлар ва муаммолар асносида юзага келган мураккаб шароитда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳаётий заруратга айланиб бормоқда. Конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш билан замонамизнинг долзарб муаммоларини ҳамжиҳатликда ҳал этиш мумкин.

ШҲТнинг Самарқанд саммити арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мақоласида билдирилган фикрларда йигирма йиллик тарихан қисқа даврда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий ташкилот сифатида глобал жараёнларга таъсир қила оладиган тузилмага айланаётгани баён этилган.

Шунингдек, ШҲТ мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш борасида муҳим ўрин эгаллаётгани таъкидланган.

ШҲТ улкан географик маконни қамраган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот. Энг асосийси ШҲТ турли блоклардан холи бўлиб, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаган.

Президентимиз ҳам ўз мақоласида бунга алоҳида урғу бериб, ШҲТ барча иштирокчиларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик тамойилларига асосланганини қайд этган.  

Ташкилот кўп томонли ҳамкорликни илгари сурмоқда, бунда транспорт, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт каби муҳим стратегик йўналишлар асосий муҳокама марказида бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани бажариш давомида асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди. “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” шиори остида ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорлар учун жозибадор бўлишига эришиш борасида ўтказилган йирик тадбирлар доирасида кўплаб муҳим масалалар кўрилиб, ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорлар ишлаб чиқилишига асос бўлди.  

Мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги давомида эришилган ютуқлар юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг натижасидир. Айниқса, бугунги кунда ўрнатилган яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ижобий ўзгаришлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақаси ШҲТнинг географик ўзагига айланмоқда. Бу жараёнда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк – Афғонистонни ривожлантириш, афғон халқига кўмак бериш масалаларига катта эътибор берилмоқда.

Бугун Самарқанд шаҳри жаҳоннинг ўн тўртта мамлакати етакчиларини ШҲТ ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг тараққиётига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олишга тайёр.

Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олиши, ташқи сиёсат бобида устувор йўналишлари турлича бўлган давлатларни бирлаштириш ва муросага келтиришга хизмат қилувчи платформага айлана олишига ишонч билдирди.

ШҲТ ҳаётининг янги босқичини бошлаб берувчи Самарқанд саммитида қабул қилинадиган қарорлар минтақавий ҳамда глобал миқёсда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда кучли таъсирга эга бўлишида, Президентимиз томонидан қўйилаётган мақсадлар сари амалий ишларни изчил давом эттирилишида Ўзбекистон сиёсий доираларининг ҳам камарбаста эканлигини билдирамиз. 

 

Дилором ФАЙЗИЕВА, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 
Халқаро ишлар ва парламентлараро 
алоқалар қўмитаси раиси
ЎзА