Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бунёдкорлик сари дадил одимлар
10:52 / 2025-10-24

Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла тизимини мустаҳкамлаш, уни аҳолининг ишончли таянчи ва давлат билан халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприкка айлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шундай ислоҳотларнинг амалий натижасини Бухоро вилояти Олот туманидаги “Усмоншайх” маҳалла фуқаролар йиғини мисолида ҳам кўриш мумкин.

Маҳалла 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, тарихан қадимий манбаларда номи тилга олинган Усмон Шайх номи билан боғлиқ. Ҳозирда маҳалла Юқори Қоровул, Шераклар, Қипчоқ Қоровул, Гулобод, Мерган, Қозирабод, Тўқимачи, Заргарқайроқ ва Усмоншайх кўчаларини қамраб олган.

Аҳоли сони 4 минг 560 нафарни ташкил этади, жами 1 минг 544 оилада 1 минг 34 та хонадон истиқомат қилади. Бу ерда ёши, касби ва ҳаёт тарзидан қатъий назар, бир-бирини ҳурмат қиладиган, аҳил ва меҳнатсевар инсонлар талайгина.

Маҳаллада  “еттилик” тизими самарали йўлга қўйилган. Раис Одил Чўллиев, ҳоким ёрдамчиси Элдор Эрназаров, хотин-қизлар фаоли Боғдагул Шодиева, ёшлар етакчиси Учқун Севиндиков, ижтимоий ходим Аҳрор Расулов, профилактика инспектори Ҳамро Абдураҳмонов ҳамда солиқ инспектори Аҳад Хайдаров ўзаро ҳамкорликда фаолият юритмоқда.

Маҳалла нуронийси Комил Тохиров эса ёшларни эзгу йўлга ундаб, уларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва бирлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратади.

Маҳалла иқтисодиётининг асосий “драйвери” чорвачилик, деҳқончилик ва тадбиркорлик йўналишларидир. Бугунги кунда маҳаллада 45 нафар фаол тадбиркор бўлиб, шундан 12 таси янги ташкил этилган. Улар асосан балиқчилик, чорвачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритмоқда.

Иссиқхона хўжалиги эгаси Неъмат Одилов эса лимончиликда юксак натижага эришган тадбиркор сифатида эътироф этилади. Унинг иссиқхонасида бир туп лимондан 100 килограммгача ҳосил олинмоқда. 

Аҳолининг фаоллиги ва маҳалла ташаббуси билан Қипчоқ Қоровул қишлоғида икки километрдан ортиқ йўл шағаллаштирилиб, асфальтлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Кўчалар, йўлаклар ва маҳалла атрофи ободонлаштирилиб, яшил ҳудудлар кенгайтирилмоқда. Бу ишларнинг барчаси аҳолининг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва меҳнатсеварлиги натижасидир.

Маҳаллада ёшлар учун спорт ва маданий тадбирлар мунтазам ўтказилиб туради. Ёшлар етакчиси Учқун Севиндиков ташаббуси билан ёшлар ўртасида “Китобхонлик ҳафталиги” каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хотин-қизлар фаоли Боғдагул Шодиева эса аёллар бандлигини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ҳамда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш йўлида самарали иш олиб бормоқда.

Бугун Усмоншайх маҳалласи бу фақатгина ишлаш жойи эмас, балки бир бутун жамоа, ўзаро меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик ва бунёдкорлик рамзига айланган маскандир. Маҳалла аҳолиси биргаликда “Янги Ўзбекистон” тараққиёт йўлида ўз ҳиссасини қўшиб, ҳар куни янги-янги ўзгаришларга эшик очмоқда.

Уларнинг шиори оддий, аммо, мазмунли “Маҳалламиз ривожланаётган экан, демак, биз ҳам тараққиёт сари дадил қадам ташламоқдамиз”.

Зариф Комилов, ЎзА