Охирги йиллар олис ҳудудларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини изчил ривожлантириш, қишлоқ ва маҳаллаларни янада обод қилиш, жойларда қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 24 июлдаги “Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Оҳангарон, Паркент ҳамда Бекобод туманларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудудларнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Режа бўйича ўнта мактабгача таълим ташкилоти, учта умумтаълим мактаби, битта соғлиқни сақлаш муассасаси ҳамда ўн тўққизта маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ушбу чора-тадбирлар таълим сифатини ошириш, болажонлар учун қулай ва замонавий шароит яратиш, маҳалла тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳоли учун ижтимоий хизматларни янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
Жумладан, Қора Қўйли маҳалласида замонавий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори қурилиши ҳам белгиланган. Бу лойиҳа ҳудуддаги тадбиркорлар, деҳқонлар ва фермерлар учун кенг имкониятлар яратиб, янги иш ўринлари ташкил этилишига ҳам замин яратади. Бундан ташқари, Олтин Водий маҳалласидаги бўш ер майдонида Инсон ижтимоий хизматлар маркази, “Нуронийлар” маскани ҳамда “Оила ва хотин-қизлар” маркази биноларини қуриш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилади.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 августдаги тегишли қарори бўйича бу туманда “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси чиқинди йиғиш шохобчасини барпо этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу ташаббус экологик мувозанатни сақлаш, чиқиндиларни тўғри йиғиш ва қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш орқали туманнинг экологик ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
– Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳомийлигида Республика ишчи гуруҳи Бекобод тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Гулистон ва Истиқлол маҳаллалари ҳам кенг кўламли ободонлаштирилиб, инфратузилмаси ривожлантириляпти, – дейди Бекобод тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Собиржон Эгамбердиев. – Кўп қаватли уйлар куз-қиш мавсумига пухта тайёрланиб, иситиш тизимлари янгиланди. Биноларнинг том ва фасад қисмлари таъмирланди. Жойларда болалар майдончалари, автотураргоҳлар, маиший ва спорт майдончалари қурилиши жадал олиб борилмоқда. Янги босқичдаги бу ишларда мақсад илгари аҳоли учун бўлмаган бу қулайлик, хавфсиз ва замонавий яшаш муҳитини яратишдир.
Қурилиши бошланган “Янги Бекобод IТ Park” лойиҳаси бу ёшлар ўз ҳудудидан чиқмасдан туриб, рақамли соҳада ўсиш, ўрганиш ва ишлаш имкони бўлади. Муҳими, жойларда бошланган ушбу қурилиш ва таъмирлаш ишлари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ижтимоий ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Бу нафақат туман қиёфасини янгилайди, балки ҳар бир фуқаро ҳаётига қулайлик ва янгиланиш руҳи олиб киради.
Бекобод тумани Тиббиёт бирлашмасида эса республика даражасидаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари самарали ўтказилмоқда. Жумладан, беморнинг ўнг жағости сўлак бези аралаш ўсмаси малакали шифокорлар томонидан жарроҳлик йўли билан олиб ташланди.
– Амалиёт туман тиббиёт бирлашмасининг тажрибали мутахассислари томонидан юқори даражада, белгиланган тиббий стандартларга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилди. Ушбу муваффақиятли операция туман шифокорларининг касбий маҳорати, билим ва тажрибасининг яна бир амалий тасдиғи бўлди, – дейди Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева. – Эндиликда Бекобод тумани бошқа ёндош туман-шаҳарлар учун кардиохирургия соҳаси бўйича тиббий хизмат кўрсатувчи марказ бўлади. Бундан ташқари, қўшни Тожикистон давлатидан ҳам келган инсонларга тиббий хизмат кўрсатилади.
[gallery-26329]
Ҳудуднинг Маллабой маҳалласи иссиқхоналари ва деҳқончилиги билан туманда энг илғор ҳудудлардан бири сифатида танилган. Бу ер аҳолиси меҳнатсеварлиги, ер билан моҳирона “тиллаша олиши” билан ажралиб туради. Улар етиштирган турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ички бозорларни тўлдириб, аҳолига сифатли ҳосил етказиб бермоқда.
Бугун эса маллабойлик деҳқонлар яна бир йўналишда – қулупнай етиштиришда ҳам катта тажриба орттириб, ишни самарали йўлга қўйишган. Айни кунларда иссиқхоналарда парваришланаётган қулупнайлар пишиб етилиш арафасида.
А.Мусаев, ЎзА.