Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бунёдкорлик ишлари янги босқичда
11:35 / 2024-02-29

Навоий кон-металлургия комбинати фаолиятида Инвестиция дастури алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар йили бундай дастур асосида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани ишлаб чиқариш қувватини ошириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда янги гидрометаллургия заводлари, конлар, энергетика тармоқлари, темир йўл линиялари, ижтимоий объектлар ишга туширилгани корхона учун янгидан-янги имкониятлар яратди. Бу йил ҳам бу каби бунёдкорлик ишларини давом эттирган ҳолда катта марралар олинган.  

Комбинатда бундай муҳим вазифаларни амалга оширишда қурилиш соҳаси вакилларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Улар меҳнати билан кейинги йилларда замонавий бунёдкорлик намуналари, жумладан, 3 та янги гидрометаллургия заводи, 2-гидрометаллургия заводи иккинчи навбати, 82,4 километрлик темир йўл ва бошқа объектлар барпо этилди.  

Бугунги кунда комбинатда Капитал қурилиш бошқармаси, Инвестициялар бошқармаси, Зарафшон қурилиш бошқармаси, унинг тасарруфида 3 та қурилиш-монтаж бошқармаси ва 1 та қурилиш трести, кон бошқармаларида қурилиш бўлим ва участкалари мавжуд бўлиб, уларда турли миллат ва элат вакилларидан таркиб топган 2,6 минг нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Улар орасида ҳалол меҳнати ортидан ҳурмат-эътибор топган, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлар, ўз касбининг ҳақиқий эгалари, моҳир қурувчилар, муҳандислар, оддий касб эгалари борлиги қувонарлидир.  

Агарда 2023 йилда амалга оширилган ишларимиз сарҳисобига тўхталадиган бўлсам, Инвестиция дастури доирасида 12 та лойиҳа бўйича белгиланган капитал қуйилмалар ўзлаштирилиб, режа 116,8 фоизга бажарилди. Бу лойиҳаларни молиялаштириш халқаро молия институтлари кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунинг ҳисобига қиймати 542,1 миллион доллар бўлган 5 та объект фойдаланишга топширилди.  

Жумладан, “Пистали” конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш (6-ГМЗ)” лойиҳаси тўлиқ қувватда топширилгани, шу билан бирга, “Нурота ҳудудида ва “Пистали” конида ташқи электр энергиясининг тармоқ иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш” ҳамда “Балпантоғ” ва “Томдибулоқ” конлари негизида қазиб олиш карьерини қуриш ва "Турбай" конларини ўзлаштириш учун қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш” каби инвестицион лойиҳалар амалга оширилгани кўп минг кишилик жамоамизнинг фидокорона меҳнати маҳсулидир. Бу лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилиши натижасида 2748 та янги иш ўрини яратилди.  

Излаган имкон топар, деганларидек, биз ҳам қурилиш соҳасида изланишдан тўхтаганимиз йўқ. Маблағларни иқтисод қилиш мақсадида янгидан-янги имкониятларни излаб топаётганимиз корхонага фойда келтирмоқда. Бунинг натижасида 25 турдан ортиқ қурилиш материаллари, жумладан, темир-бетон, металл конструкциялар, ғишт, қурилиш қуми, оҳак, шағал, эшик-ромлар, полиэтилен қувурларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу эса қурилишлар сифатли, мустаҳкам, таннархи арзон бўлишини таъминламоқда. Кейинги етти йилда 859,1 миллиард сўмлик қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга эришдик. Ваҳоланки, илгарилари бу каби қурилиш маҳсулотлари четдан олинар, баъзи ҳолларда материаллар ўз вақтида етиб келмаслиги ишнинг барқарор, қурилиш жараёнларининг бир маромда боришига таъсир этарди.  

Эл орасида “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур”, деган халқона нақл бор. Бу, бежиз айтилмаган. Чунки ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш иш қуролига, яъни қудратли ва замонавий қурилиш техникаларига боғлиқ. Шу боис, комбинат қурилиш ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратганмиз. Бунинг натижасида транспорт паркларимиз босқичма-босқич энг сўнгги русумдаги техникалар билан тўлдириб борилмоқда.

Айниқса, комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси кенгаши улкан ижтимоий масъулиятни зиммасига олиб, кончилар, улар оиласи, ҳудудлар аҳолиси учун замонавий инфратузилма объектлари, жумладан, истироҳат боғлари ва хиёбонлар, дам олиш масканлари, фавворалар, болалар майдончалари, санаторийлар, спорт масканлари, ўқув муассасаларини барпо этишда давом этмоқда. Кейинги 4-5 йилда Жиззах вилоятининг Зомин туманида “НКМК” санаторийси, чўлда ишчи-ходимлар учун Ишчилар шаҳарчаси, ётоқхоналар, спорт майдонлари, Зарафшон шаҳрида Фавворалар сайилгоҳи, 100 ўринли имконияти чекланган ногирон болалар учун махсус мактабгача таълим муассасаси, 504 ўринли ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Учқудуқ туманида “Олтинкўл” дам олиш мажмуаси, “Тўдакўл” дам олиш базасида Халқаро шахмат мактаби ва бошқа кўплаб объектлар фойдаланишга топширилди.  

Бу йилги режалар янада улкан. Хусусан, 2024 йилда Инвестиция дастури доирасида 12 та лойиҳа бўйича белгиланган капитал қуйилмаларни ўзлаштириш ва буни халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилган. Жорий йилда ушбу дастур доирасида қиймати 590,8 миллион доллар бўлган 3 та лойиҳани фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. Шунингдек, 2024 йил якунигача 584 миллион доллар қийматга эга яна учта лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўзда тутилган. Бунинг учун комбинатимиз барча имкониятларга, замонавий қурилиш ташкилотлари, техникалари, ишчи кучи, моҳир қурувчиларига эга.  

Бугунги шиддатли давр бизнинг олдимизга янада муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Хусусан, 2030 йилгача белгилаб берилган аниқ режалар асосида ҳали кўп ишлар қилишимиз зарур. Ишонч билан айта оламанки, ўз касбининг чинакам устаси бўлган моҳир қурувчи ва мутахассисларимиз, биз билан бир сафда меҳнат қилаётган турли касб эгалари ўзларининг бутун куч-ғайрати, билим ва тажрибасини улкан вазифаларни муваффақиятли бажариш учун сафарбар этаверади.  

Фарҳод Баҳронов,

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бош директорининг

 инвестициялар ва капитал қурилиш бўйича ўринбосари.

ЎзА