Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бунёдкорлик ишлари авжида
17:14 / 2025-08-09

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида сўнгги вақтларда ижтимоий ва инфратузилмавий йўналишларда амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар туман ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда. Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда, аҳоли турмуш даражасини ошириш, таълим ва тарбия соҳасини замонавий асосда янгилашга қаратилган бунёдкорлик ишлари ҳам юқори суръатларда давом этмоқда.

Айниқса, “Чинобод” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Бу ердаги кўп қаватли турар-жой биноларининг электр таъминоти, табиий газ, иссиқлик, ичимлик суви ва канализация тизимлари ҳолати тўлиқ ўрганилиб, талабга жавоб бермайдиган қисмлари босқичма-босқич таъмирланмоқда. Фуқаролар яшайдиган уйлар фасади замонавий, экологик хавфсиз ва энергия тежовчи базальт плиталари билан қопланмоқда. Бу нафақат уйларнинг ташқи қиёфасини яхшилайди, балки иссиқликни сақлаб қолиш ва энергия сарфини камайтиришга ҳам хизмат қилади.

Маҳаллада санитария ҳолатини яхшилашга ҳам жиддий эътибор қаратилган. Дудбуронлар махсус техника воситасида тозаланмоқда, чиқиндихоналар таъмирланиб, янги типдаги контейнерлар ўрнатилди. Бу каби ислоҳотлар фуқаролар учун тоза ва соғлом муҳит яратишга қаратилган бўлиб, туман аҳолисининг кундалик ҳаётида сезиларли фарқни юзага келтирмоқда.

Туман ҳаётида таълим ва тарбия масканларидаги янгиланишлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Ҳозирда “Баркамол авлод” болалар мактабида кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мактабнинг ташқи ва ички қисмлари, синф хоналари, ёритиш ва иситиш тизимлари тўлиқ янгиланмоқда.  

Болаларнинг техника, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги қобилиятларини ривожлантириш учун махсус тўгарак хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланади. Бу эса, ёш авлод учун замонавий таълим муҳитини яратишда муҳим қадамдир. Ота-оналар мазкур ўзгаришларни мамнуният билан қарши олмоқда . Чунки ҳар бир ота-она фарзандининг салоҳияти юксак муҳитда шаклланишини истайди.

Шу билан бирга, 1-сон Давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Муассасанинг ташқи ва ички қиёфаси тубдан янгиланмоқда, замонавий талабларга жавоб берадиган инфратузилма барпо этилмоқда. Ушбу ўзгаришлар натижасида болалар хавфсиз, қулай ва эркин муҳитда таълим-тарбия олиш имконига эга бўладилар. Маҳаллий аҳоли ва ота-оналар ушбу амалий ишларга ижобий баҳо бериб, бундай лойиҳаларни ёш авлод келажагига қўйилаётган муҳим сармоя сифатида қабул қилмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари