Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бундай муносабатга ҳақли эмасмиз!
15:54 / 2019-10-14

Қайсики тил мавжуд экан, ўша тилда сўзлашувчи халқ ҳам яшайди.


Она тилим – олтин бешигим

Қайсики тил мавжуд экан, ўша тилда сўзлашувчи халқ ҳам яшайди. Яъни, она тили ёки бирор миллатнинг тили ихтиро қилинмайди, ўйлаб топилмайди. Балки халқ томонидан тарихий тараққиёт давомида яратилади ва ривожлантирилади.

Биз буюк Турон халқимиз. Тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз, жумладан, она тилимиз – ўзбек тили ҳам буюк. Лекин тилимизнинг бой, азалий ва абадий эканига етарли баҳо беролмаган шўро олимлари унинг тарихини яқин ўтмишдан излади. Ўзбек тили бўйича олиб борилган тадқиқотларда ҳам унинг илдизи ва жаҳон тиллари орасидаги аҳамияти ҳақида кўнгилдагидек натижаларга эриша олинмади.

Биз она тилимизга қайтдик

Истиқлол туфайли миллий маънавиятимиз тикланди. Тилимиз, динимиз қайтди. Урф-одат ва анъаналаримиз янада мустаҳкамланди. Халқимизнинг онгу тафаккурида эврилишлар юз берди. Ўзлигимизни англай бошладик. Тарихий хотирамиз тикланди, келажагимизни ўзимиз белгилайдиган, юксак марраларни орзу қилиб, унга дадил интила оладиган дунёқарашга эга бўлдик. Қаранг, биз биргина мустақиллик туфайли нафақат ўз она заминимизни, балки бошқа жуда кўп маънавий бойликларимизни қайта топдик. Энг асосийси, биз она тилимизга қайтдик.

Фақат ўзимизга мос ва хос

Яхши биламиз, маънавиятни шакллантирадиган асосий омиллар қаторида она тили ҳам бор. Зеро, эзгу фазилатлар ҳам инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.

Ўзбек боласига ўзбекча сўзлар билан тарбия берилса, ўзбекона қадриятлар, фазилатлар сингдирилса, у ўзбекча фикр юрита бошлайди. Бу – ўзбекона дунёқараш дейилади. Масалан, немис боласи немисча, итальян бола итальянча, корейс боласи корейсча фикр юритади. Уларни камситмаган ҳолда айтиш керакки, ўзбек фарзандларидагидек маънавиятни, ахлоқ-одоб ва тарбияни бошқа халқларда учратиш жуда қийин.

Нима учун? Чунки уларда ўзбекона фазилатлар гулдастаси йўқ. Бизда фақат ўзбек тилида юритиладиган ва бошқа тилларда муқобили бўлмаган шундай тарбиявий тушунчалар борки, улар миллатимиз маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Масалан, меҳр-оқибат, меҳр-шафқат ва қадр-қиммат каби сўзларни шунчаки қайсидир тилга таржима қилиш мумкиндир, аммо овора бўлманг, барибир, ҳеч қачон ўзбек тилидагидек руҳ бермайди.

– Сўз миллий хусусиятга эга, – деб ёзади педагогика фанлари доктори Муҳаммаджон Қуронов. – Эшитилган, ўқилган сўз маъноси тингловчи, ўқувчи тушунадиган тилда бўлсагина, у хатти-ҳаракатга, туйғуларга таъсир қилиб, миллий маданий муҳитни тушунишга, унга мослашишга хизмат қилади. Агар сўз ва унинг миллий маъноси, моҳияти тушунарсиз бўлса, у ўқувчига таъсир кўрсата олмайди ва тингловчи, ўқувчи учун маъносиз товуш бўлиб қолаверади.

Ҳақиқатан ҳам, одам ўзи тушунмайдиган сўздан таъсирланмайди, ўз хатти-ҳаракатини ўзгартирмайди. Ўзбек тарбияси мазмунидан жой олиб, ўзаро муносабатларда намоён қилиниши лозим бўлган инсоний фазилатларни ифодаловчи сўз – сигналлар мавжуд. Масалан, бир вақтлар “тавозе”, “ибо”, “ҳаё”, “виждон”, “меҳр-оқибат” ва бошқа шу каби сўзлар фаол қўлланилгани миллий маънавиятимизнинг юксак чўққига кўтарилганидан далолат беради. Лекин халқимиз тарихининг кейинги асрларида содир бўлган мустамлакачилик, миллий фазилатларнинг “қолоқлик”, “маданиятсизлик кўрсаткичи”, “эскилик сарқити” дея қадрсизланиши юқоридаги тушунчаларни ўзбек мактаби дарсликлари матнидан сиқиб чиқарди. Натижада миллий фазилатлар ўқувчиларнинг иккинчи сигналлар системасига киритилмагани туфайли бошқа тилдаги сўздек, тушунарсиз қолаверди.

“Инсоф” деганингиз нима?”

Мисол тариқасида ёзувчи Иброҳим Раҳимнинг кузатувларидан бир парча келтирсак: “... Кўпгина ёшларимиз “Инсоф” нималигини билиш у ёқда турсин, бу сўзнинг ўзини ҳам эшитмагандек, тушунмайди.

Эски ҳовлимизнинг рўпарасидаги ўрта мактабнинг тўполончи ўқувчиси ўзидан кичик болани дўппослаганида қўлидан ушлаб, "инсофинг борми, ўзингдан кичик болани урасанми?" десам, анқайиб қолди. Шундан кейин бошқа бир неча боладан ҳам сўрадим. "Бунақа мавзуни ўтганимиз йўқ, деб жавоб қилишди. Шу воқеадан кейин мактабларда Инсоф дарсини ўтиш керак шекилли, деган хулосага келдим.

Инсофли бўлиш ҳақида на уйда, на мактабда ва на атрофдагилардан таълим олмаган айрим ёшлар инсофсизлик қилиб қўйганини ўзлари англамаяпти, англаса ҳам унинг хунук оқибати – гуноҳи тўғрисида мутлақо ўйламаяпти".

Бу ҳолат ўзбек ёшларини “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан жой олган, инсоний фазилатлар, анъана ва урф-одатларни ифодаловчи 1,5 мингдан ортиқ сўзлар (масалан, “одамгарчилик”, “инсоф”, “виждонлилик”, “меҳрибонлик” ва ҳоказо) билан махсус таништирб боришни тақозо қилади. Акс ҳолда бу сўзларнинг истеъмолдан чиқиб кетиши, натижада инсонларда шу ном билан аталувчи фазилатларнинг йўқолиб бориши хавфи кучайиши эҳтимолдан холи эмас.

Фикримизча, бу муаммо билан фақат филолог олимлар эмас, балки педагоглар ва ижтимоий-фалсафа йўналиши вакиллари ҳам жиддий шуғулланиши, керак бўлса, ҳамкорликда иш олиб бориши ижобий натижаларни тезлаштиради. Негаки, юқоридаги каби сўзлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг аксарияти миллий маънавиятимиз билан боғлиқ бўлган мавҳум отлар – фазилатлардан иборат. Мана улар: андишали, ҳаёли, иболи, инсофли, маънавий уйғоқ, ор-номусли, эл-юрт ташвишини зиммасига олган, юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигига дахлдор, сабот-матонатли ва ҳоказо.

Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъл-атворимиздан

Биз миллий феъл-атворимиз – характеримизни ўзгартиришимиз, яъни тараққий эттиришимиз лозим. Президентимиз “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” эзгу ғояси асосида бизни шунга даъват қилмоқда.

Халқимизда шундай фазилатлар борки, уларни ер юзининг бошқа ҳудудидан, бирор бир халқдан топа олмайсиз. Агар ўша фазилатларнинг барчаси ҳар биримизда ўз аксини топадиган бўлса, дунёда бизга етар халқнинг ўзи бўлмайди. Шунда ҳақиқатан ҳам ривожланамиз, миллатимиз юксалади.

Шу ўринда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романига мурожаат қилсак. Асар бошланишида Отабек Зиё шоҳичиникига меҳмонга боргани тасвирланади. У ерда Мирзакарим қутидор, Акрам ҳожи, Ҳомид, Раҳмат, Ҳасанали, Зиё шоҳичи ва Отабек кичик мажлис-машварат қилади. Ана шу баҳсга бой суҳбатда Отабек Шамай сафари, руснинг ҳукумат юритиш усули ва ўзи яшаб турган давлатнинг аҳволи ҳақида сўзлаб беради. Шунда у русникидан-да қудратли давлат қуриш мумкинлигини айтгани ва атрофидагилар совуққонлик билан қараётганини таъкидлай туриб, шундай дейди: “Дарҳақиқат, мозористонда “ҳайя алалфалаҳ” хитобини ким эшитар эди”. Бунга жавобан Зиё шоҳичи бу гапни айтади: “Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъл-хушимиздан”.

Бутун асарнинг жамики мазмуни ана шу сўзларга жамлангандек гўё. Бу билан Абдулла Қодирий халқнинг бефарқ ва лоқайд бўлиб қолгани натижасида бировларга қарам, қул бўлиб яшаётганини, агар шу характерини ўзгартирмаса, тараққий этмаслигини, балки бундан-да ёмонроқ аҳволга тушишини айтмоқчи бўлган. Шу тариқа маърифатпарвар адиб ўз халқига етказмоқчи бўлган гапини аслида асар қаҳрамонининг тилидан айтган эди.

Абдулла Қодирий нима учун шу асарни яратди? Пул топиш учунми ёки обрў орттириш учунми? Йўқ! Миллатини, она юртини, жонажон халқини адолатсиз, инсон қадри бир тийин бўлган шўро тузуми зуғумидан қутқариш учун шундай қилди. Агар асарнинг маърифатпарвар жадидлар бирма-бир отилаётган бир даврда ёзилиб, халқ эътиборига ҳавола қилинганини эътиборга оладиган бўлсак, бу мисли кўрилмаган маънавий жасорат, бетакрор ватанпарварлик намунаси ва чексиз садоқат белгиси эди.

Ҳар бир ёш ўз она тилининг ривожи, тараққиёти учун ана шундай дахлдорлик ҳисси билан яшаши лозим эмасми?!

Миллатга, халққа ҳурматсизлик

Қаерда, қай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, ўз она тилимизга зарар бўладиган хатти-ҳаракатлардан тийилишимиз зарур. Масалан, орамизда шундайлар ҳам борки, қайси тилда сўзлашаётганини тушуна олмай қоласиз. Ўзбекча гапирганда бошқа тилдаги сўзларни, бошқа тилда гапирганда ўзбек тилидаги сўзларни қўшиб гапиради (албатта, интернационал сўзлар бундан мустасно). Ижтимоий тармоқларда эса ўзларича янги-янги ҳарфлар ўйлаб топиб, ўзбек тилидаги сўзларни бузиб ёзишади. Яъни “Chilonzor” эмас, 4ilonzor” ёки “yaxshi” эмас, “yaxwi”, “ishga” эмас “iwga” ёки “to‘g‘ri” эмас, “t6g’ri” ва ҳоказо. Аслида бу ҳолат тилгагина эмас, ўша кишининг ўз шахсиятига, миллатга, халққа нисбатан ҳурматсизликдир.

Ўз она тилига эътиборсиз одамни лоқайд деб атаймиз. Лоқайдлик эса энг оғир иллатдир. Шунинг учун ҳам “Душманлардан қўрқма, нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма, нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ, улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади” деган сўзлар шунчаки айтилмаган.

У билан нафас олаяпмиз

Бизнингча, энг аввало, катта ёшлилар оилада, таълим муассасаларида, маҳаллада, меҳнат жамоасида она тилида тўғри сўзлаш ва уни қадрлаш борасида ёшларга ибрат бўлиши зарур. Бу, айниқса, тил ва адабиёт фани ўқитувчиларидан, ана шу ўқитувчиларни тайёрлаётган факультетлардан, қолаверса, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтидан беминнат фаоллик, юксак дахлдорлик ва давомли фидойиликни талаб қилади.

Ўзбек тили – миллатимиз хазинаси. У менинг, сизнинг, ҳаммамизнинг бебаҳо бойлигимиз, мислсиз қудратимиз. Она тилимиз билан онамизни танидик, оламни англадик, одамни тушундик. Жисмимиз, фикру зикримиздаги ҳар хислат, фазилат унинг билан қонимизга, жонимизга сингди. У билан нафас олаяпмиз, яшаяпмиз, демак, у билан тирикмиз. Шундай экан, ўзи улуғ, каломи қутлуғ она тилимизга беписанд муносабатда бўлишга, уни асрамасликка, мансабу мақомимиздан қатъий назар, ҳеч биримиз ҳақли эмасмиз.

Отабек БОЗОРОВ,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

бошқарма бошлиғи.